Умр ўтар, вақт ўтар
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон ҳаёт бўлганида бугун 80 ёшга тўларди.
Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилояти Янгибозор туманида таваллуд топган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган.
Ҳаёти ва фаолияти давомида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим мудири (1969-85), «Ёшлик» журналида бош муҳаррир (1985-91), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул ходим (1991-94), Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасида раис ўринбосари (1994-99), «Чўлпон» нашриётида директор (1999-2001), 2001 йилдан «Гулхан» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
Шеърлари 1965 йилдан бошлаб эълон қилина бошлаган. Шоирнинг «Карвон қўнғироғи», «Қуёш соати», «Ёнаётган дарахт», «Ярадор чақмоқ», «Сени яхши кўраман», «Дарахтлар ва гиёҳлар», «Ўртамизда биргина олма», «Одамнинг сояси қуёшга тушди», «Қуш йўли», «Иймон ёғдуси», «Ардахива», «Хожа Аҳрор зиёратлари» ва бошқа шеърий асарларида воқеликни нозик ҳис этган ҳолда бадиий ифодалаш, муайян ҳодисадан фавқулодда фалсафий хулосалар чиқариш, ўзи туғилиб ўсган муҳит колоритига мос ифодалар топиш тамойили устуворлик қилади.
Омон Матжон лирик шеърлар билан бирга лирик қисса ва драматик достон жанрларида ҳам ижод қилиб, Хоразм халқ афсоналарининг ўзига хос бадиий талқини — «Ҳаққуш қичқириғи» шеърлар китобини, истиқлол арафасидаги шўролар мамлакати ҳаётининг зиддиятли манзаралари ва жароҳатлари тасвирига бағишланган «Гаплашадиган вақтлар» қиссасини, шунингдек, ўзбек халқининг Хоразмдан чиққан буюк сиймолари ҳақидаги «Паҳлавон Маҳмуд», «Беруний» драматик достонларини яратган.
Шу каби асарлари учун 1989 йилда Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати бўлган.
Омон Матжон 2005 йилда Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев, ижодкор Минҳожиддин Мирзо билан бирга Самарқанд шаҳрига, аниқроғи, “Зарафшон” таҳририятига келган эди (суратда). Ушбу ижодий учрашувда ўзининг янги шеърларидан ўқиб, фикрларини билдирганди:
- Газета номининг “Зарафшон” деб аталиши бежиз эмас. Зарафшон дарё сифатида юксак чўққилардаги, мусаффо булоқлардаги сувларни жамлаб, воҳа ҳаётига жон бағишлайди. “Зарафшон” газета сифатида воҳа аҳлининг ақл-шуурига, қалбига нур, зиё, илм-маърифат, янгиликлар, олам гўзалликларини олиб киради. Ниятимиз газетанинг бу олижаноб мақсади келгусида ҳам бардавом бўлсин. Айтишларича, газетанинг шу кунгача 22 мингдан ортиқ сони чиқиб, муштарийлар қўлига етиб борибди. Бу дегани газета шу вақт ичида бир неча миллионлаб, миллиардлаб инсонлар қалбидан жой олганини, унинг ҳар бир дилда ўчмас зиёси борлигини кўрсатади.
Омон Матжон 2020 йил 29 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этди.
***
Умр ўтар...
Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар,тахт ўтар,
Омад ўтар,бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг,сенинг кулишларинг.
Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг,ҳолим сўрашларинг.
Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг,пинҳон излашларинг.
Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш,айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг,ўша келишларинг…
***
“Зарафшон”дек элга нур таратгувчи зиёси бор!
Дўстлар, Самарқанд деган сўзнинг теран маъноси бор,
Чун Мароқанд ҳақда ҳар гапнинг қадим дунёси бор.
Бул заминнинг кечмиши Афросиёб бирлан буюк,
Толеинда ҳам Турон, ҳам Суғдиён имлоси бор.
Бул таворих саҳв ўлур, ёдланмаса буюк Темур,
Бир қўлинда тиғ унинг, лек кўксида зиёси бор.
Чун бу мулкни пойидор этти Улуғбек шавкати,
То бугун эл ёдида юлдуз севар Мирзоси бор.
Чорлади устоз Абдуллайс Мир Алишерни буён,
Бундаким назм аҳлининг Жомий каби пешвоси бор.
Тегди Бобур кўксига бунда Зарафшондин насим,
То бобо масканга мангу туғроси бор...
Кездилар бу боғ аро устоз Олимжон — нури пок,
Ёнида бузрук насаб Айний каби домлоси бор.
Шоир Уйғун, Миртемир, Асқад ал-Мухтор, яна
Назмрўй Файзий, яна ширин забон Яҳёси бор.
Бунда Мўминзодалар номи хазон бўлмай яшар,
Ориф Икром ўғлининг мангу руҳ афзоси бор.
Бунда Ҳамдам Бердиёр, Жўраю, Ботир Вали,
Қосим ўғли Акбару Маҳмуд Амин доноси бор.
Навқалам сардоридур Нуриддину Сайдуллолар,
Барчасига раҳнамо Воҳид Абдуллоси бор.
Кўп замонлар ўтса ҳам аҳли зако қолгай буюк,
Бул салафлар бошида оти Шароф сиймоси бор.
Дўстлар! Яхши ният — устозлар айланди ёд,
Чун аларнинг беҳудуд оби ҳаёт дарёси бор.
Барчаси ҳақда сўз айламоқ фурсати етса агар,
“Зарафшон”дек элга нур таратгувчи зиёси бор!