Ургутда чорвачилик комплекси иш бошлади
Ургут туманидаги “Сайпуллаев Олимжон нурли даласи” фермер хўжалиги 849 миллион сўмлик банк кредити ҳисобига Австрия давлатидан 29 бош зотдор қорамол олиб келиб, қорамолчилик мажмуини ишга туширди.
- Бундан ташқари, жорий йилда туманда умумий қиймати 17,9 миллиард сўмлик яна тўртта лойиҳа ишга туширилади, - “Ўзагроинспекция”нинг Ургут тумани бўлими бошлиғи Азамат Холиқов. – Айни кунларда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 199 бош қорамолни парваришлашга мўлжалланган умумий қиймати 7 миллиард 900 миллион сўмлик 3 та лойиҳа юзасидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда, уларни ноябрь ойида ишга тушириш белгиланган.
Маълумот ўрнида: вилоят бўйича 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига 726 та қорамолчилик хўжаликлари мавжуд. Шундан 135 та қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликлари фаолият юритмоқда. Ушбу наслчилик хўжаликларида жами 23 минг 913 бош қорамол, шундан 12 минг 262 бош сигир мавжуд бўлиб, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, ушбу наслчилик хўжаликлари томонидан 28 минг 700 тонна сут ишлаб чиқарилган, 5 минг 185 бош бузоқ олинган.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.