Ургутда илғор мактаб директорлари ОТМларга кириш кўрсаткичи паст бўлган муассасаларга бириктирилади

Жорий йилнинг 16-28 октябрь кунлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Ғ.Бобохолов ҳамда ишчи гуруҳи Ургут туманидаги умумий ўрта таълим мактабларида яратилган шарт-шароит, таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишди.
Ишчи гуруҳ томонидан битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган мактабларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш, ўқитувчиларнинг босқичма-босқич малака тоифаларини ошириш чораларини кўриш, вилоятда битирувчилари олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари юқори бўлган мактаб директорларини тумандаги олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи паст бўлган умумтаълим мактабларига тармоқ мактаб сифатида бириктириш ҳамда ўқитувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш механизмини жорий этиш бўйича режалар ишлаб чиқилди.
Тумандаги ҳар бир умумтаълим мактабидаги 7-, 8-, 9-, 10-, 11-синф ўқувчиларидан олий таълим муассасаларига кириш бўйича сўровномалар ўтказиш, мавжуд тажрибали, репетиторлик билан шуғулланадиган ўқитувчиларни аниқлаш, ўқувчилар танлаган йўналишлар бўйича синфларни қайтадан шакллантириш, вариатив ўқув режалар бўйича ўқишларини ташкил этиш, дарсдан кейин ўқувчиларга ҳар бир фан ўқитувчиси томонидан қўшимча машғулотлар ўтишини қатъий таъминлаш чораларини кўриш вазифаси белгиланди.
Айни пайтда режа асосида ҳар бир мактабда битирувчи синфларга фахрий ўқитувчиларни бириктириш ва ота-оналарнинг масъулияти ҳамда жавобгарлиги бўйича тушунтиришлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, 2-чоракдан барча мактабларда битирувчи синф раҳбарларини қайта кўриб чиқиш режаси ишлаб чиқилди. Ҳар ой якунида битирувчи қизлар ҳамда уларнинг оналари билан олий таълим муассасаларига кириш, эрта турмушнинг олдини олиш бўйича туман ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар билан режали чора-тадбирлар белгиланди.
Умумтаълим мактабларида 2-чорак бошидан 5-синфлардан бошлаб ҳар бир синфда энг иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиб, “Аълочи синф”лар ташкил этиш бўйича тизимли ишлар режалаштирилди. Туман мактабларида таълим сифатини яхшилаш борасидаги ишлар давом этмоқда.