Ургутдаги икки қаватли савдо марказида юз берган ёнғин бартараф этилди

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни соат 19:24 да Ургут тумани Юқори калангар МФЙда жойлашган, "Ургут Файз савдо" МЧЖга қарашли икки қаватли савдо марказида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига 3 та ёнғин-қутқарув экипажи зудлик билан етиб борган ва ёнғин соат 20:38 да батамом ўчирилган.

Ёнғин оқибатида бино биринчи қаватининг 98 метр квадрат майдони шифт қисми ва савдо маҳсулотлари ёниб зарарланган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида бинонинг 420 метр квадрат майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.