Ургутдаги корхона пахта толасидан пайпоқ ишлаб чиқаряпти
Коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, сўнгги пайтларда бу борада ҳукуматимиз томонидан эркин иқтисодий ва саноат зоналарини ривожлантиришга хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этиш имконини берадиган солиқ, божхона имтиёзлари ва енгилликларининг кенг тизимини яратиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бугун эса тадбиркорларимизга яратилган бу имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Буни “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган экспортёр корхоналардан бири “AGRO DRY FRUITS” МЧЖ корхонаси фаолияти мисолида кўришимиз мумкин.
Корхона пандемия даврида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда 280 нафар ходимни иш билан таъминлаб, 24 соат давомида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Корхона томонидан сифатли ҳамда ёзги ва қишки мавсумга мос ҳар хил турдаги пайпоқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхона йилига 24 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга.
Ҳозирда маҳсулотларнинг 30 фоизи экспортга йўналтирилган бўлиб, маҳсулотлар ички бозордан ташқари қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.
Агар таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, корхона 2019 йилда 95,38 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотни хорижга экспорт қилган. Пандемия шароитига қарамасдан жорий йилнинг ўтган даври давомида корхона томонидан 456 минг АҚШ долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинган.
Корхона экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида Россия бозорларидан ўз харидорларини топишни мақсад қилган. Бунинг учун эса барча имкониятлар мавжуд. Корхона келажакда трикотаж маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Олдинлари корхонага маҳсулот ишлаб чиқариш учун 70 фоиз хом ашё Хитойдан келтирилган бўлса, эндиликда ушбу хом ашё ўзимизда тайёрланиб, импортни ўрнини босадиган пахта толали ип калавалардан фойдаланган ҳолда корхона пайпоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Корхонанинг импорт ва экспорт товарларини соддалаштирилган тартибда, қисқа муддатларда “Ургут” эркин иқтисодий зона божхона пункти ходимлари божхона расмийлаштирувидан ўтказиб келмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.