Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутликларнинг ташқи тарғибот соҳасидаги тажрибалари намуна сифатида кўрсатилди

Ургут туманида “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш, ижтимоий рекламада маънавий-маърифий тарғиботни кучайтириш вазифалари” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вакиллари, уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туман бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида тушунчалар берилди.

- Семинарнинг айнан Ургутда ўтказилиши бежизга эмас, - деди республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов. – Шу кунларда уюшмамизнинг ушбу туман бўлими ташкил этилганига 20 йил тўлди. Бу ерда аҳоли гавжум жойларни ташқи тарғибот воситалари билан безаш масаласида бой тажриба тўпланган. Ургутнинг байрам тадбирлари, халқаро фестивалларда ташқи тарғибот воситаларини жойлаштириш, уларда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” мазмун-моҳиятини акс эттириш, ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш, ижтимоий рекламада маънавий-маърифий тарғиботни кучайтириш борасидаги тажрибалари фаолиятимизда асқотади.

Иштирокчилар маънавий-маърифий тарғибот борасида туманда амалга оширилаётган ишлар, “Ургут эркин иқтисодий зонаси”даги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди.

Тадбир доирасида ташқи тарғибот воситалари намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.