“Вақф“ фонди Самарқандда йўл қурмоқда

“Вақф“ хайрия жамоат фонди Самарқандда йўлни асфальтламоқда. Вилоятнинг Нуробод тумани Оқсой МФЙ ҳудудида жойлашган “Ҳазрати Довуд“ зиёратгоҳига олиб борувчи йўлнинг бир километрга яқин қисми фонд филиали, зиёратгоҳ маъмурияти ҳамда ҳомийлар кўмагида таъмирланди. 

Зарур бўлган ташувчи, текисловчи техникалар ҳамда 40 нафар ишчи жалб этилиб, йўлларга шағал ётқизилди. Кунлар исиши билан ушбу ҳудудда “Вақф“ хайрия жамоат фонди ҳисобидан асфальт ётқизилиши режалаштирилган.

Ундан ташқари фонд томонидан кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишлар қаторида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига моддий кўмак кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун аравалар тарқатиш, қишлоқларга ичимлик суви чиқариш, жарроҳлик амалиёти арафасида турганларга кўмак кўрсатиш, масжидлар ва мадрасаларни қуриш, таъмирлаш, уй-жойга муҳтожлар учун уйлар қуриш кабиларни қайд этиб ўтиш мумкин.​​

ЎзА.