@Zarafshonbot'га мурожаат: Тўрт километр йўлимизга тош-шағал тўкиб, дуомизни оладиган мутасадди тополмаяпмиз
Нуробод тумани Чорвадор маҳалласи, Ҳазармали қишлоғи аҳолиси номидан мурожаат йўллаяпман.
Қишлоғимиз вилоятнинг энг чекка ҳудудида жойлашган бўлиб, Қашқадарё вилояти Кўкдала туманининг Ҳардири қишлоғи билан чегарадош. Уруғ-аймоғимиз ҳардирилик бўлгани учун бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам ўша қишлоқда. Борди-келдимиз, тўй-маъракаларимиз ҳам шу қишлоқ билан боғлиқ. Ҳазармали ва Ҳардири қишлоқларини боғловчи тупроқ йўлдан ота-боболаримиз асрлар давомида фойдаланиб келишган.
Гарчи, қишлоғимиздан туман марказигача бўлган масофа 30 километрга бормаса-да, одамларимиз бозор-ўчар учун 35 километр наридаги қўшни вилоятнинг Кўкдала тумани, Олатўн қишлоғида жойлашган, халқ тилида “жаҳон бозори”, деб эътироф этилувчи бозорга қатнайди. Чунки бу бозорда сотилаётган маҳсулотлар жуда арзон. Нуробод деҳқон бозоридаги нарх-наво эса халқимизга қимматчилик қилади.
Шу боис Нуробод туманининг Чорвадор маҳалласидаги ҳамда теварак-атрофдаги ўнлаб қишлоқларнинг камида 20 минг аҳолиси иккала вилоятни Ҳарзармали қишлоғи орқали боғловчи чанг-тупроқ йўлдан фойдаланишга мажбур.
Тўғри, ўтган йил Кўкдала тумани асфальт йўлидан қишлоғимизгача бўлган 12 километрлик тупроқ йўлнинг 7,8 километрига “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан тош-шағал тўшалди. Қолган салкам 4 километрлик йўл қишда, ёмғирли кунларда лой, ёзда чанг бўлиб, халқимизни қийнаб келмоқда.
Ушбу масала юзасидан мурожаат қилмаган идорамиз қолмади ҳисоб.
Асфальт сўрамаймиз, салкам тўрт километрлик йўлимизга тош-шағал тўкиб, халқимизнинг дуосини оладиган раҳбар топилмаяпти.
Инқилоб РАҲМОНОВ,
Нуробод тумани.