Қорадарёда 330 метрлик кўприк қуриляпти
Самарқанд шаҳрини янги қурилаётган Ширин шаҳарчаси билан боғлайдиган Қорадарё устидаги кўприк қурилиши давом этмоқда. Узунлиги 330 метрни ташкил этувчи мазкур объектда айни вақтда ўнлаб махсус техникаларда иш олиб борилмоқда.
- Айни вақтда 298 та бетон устун 35 метр чуқурликда ўрнатиб бўлинди,- дейди қурилиш ишларини олиб борувчи “1-Мостотряд” МЧЖ участка бошлиғи Юсуф Мамараҳимов. – Дарёнинг ўнг қирғоғида тупроқ ташиш, бурғулаш ва бетон қуйиш ишлари давом этмоқда. 120 нафар қурувчи-муҳандис ва ишчилар меҳнат қилаётган кўприк қурилиши 2022 йилда бошланган.
Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этувчи ушбу кўприкда 4 та асосий йўллар қурилади. 2026 йил якунигача фойдаланиши кўзда тутилган кўприкнинг қурилиш ишларига ҳозиргача қарийб 35 миллиард сўм сарфланган.
Шунингдек, вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” Давлат муассасаси томонидан ташкил этилган пресс-турда журналистлар Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбони, Панжакент кўчасидан М-37 автомагистралигача бўлган 3,8 километр йўлни таъмирлаётган “New Tech-Samarqand” МЧЖ йўлсозлари иши билан ҳам танишдилар.
- Ҳозиргача йўлнинг 1 километр масофадаги ишлари якунига етказилди, - дейди корхона мутахассиси Жамол Раҳимов. – Энига 14 метрни ташкил этувчи кўчанинг икки четида бетон ариқлар ташланиб, қарийб 2 километр пиёдалар ва велойўлаклари қурилиб, 50 га яқин тунги ёритиш чироғи ўрнатилди. Йўл ёқасидан ўтган табиий газ, электр энергия ва коммуникация тармоқлари тўлиқ янгиланди.
Лойиҳа қиймати 57 миллиард сўм бўлган мазкур объектга пиёдалар ўтиш жойлари, светофор, йўл белгилари ва бошқа қурилмалар ўрнатилиб, ўнлаб гул буталари ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Тойлоқ, Ургут ва Самарқанд туманларини азим шаҳар билан боғловчи йўл жорий йил якунигача фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.