Кўчки хавфи бартараф этилиб, транспортлар ҳаракати тўлиқ тикланди

Кеча, 14 февраль куни каналимизда "М-39 "Алмати—Тошкент—Термиз" автомобиль йўлининг Чўпон ота тепалиги яқинида ёғингарчиликлар оқибатида ёриқлар пайдо бўлиб, мазкур ҳудудда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча бир томонлама ташкил этилиши ҳақида хабар қилган эдик.

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди. Унда айтилишича, халқаро аҳамиятдаги М-39 «Алмати—Тошкент—Термиз» автомобиль йўлининг 1079-1080 километрлари оралиғи, Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйлаб ўнг томондаги Чўпон ота тепалигида ёғингарчиликлар ва бир қатор омиллар таъсирида пайдо бўлган ёриқлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган кўчки хавфи бартараф этилган.

"Мазкур ҳолатни бажариш ишлари вилоят фавқулодда вазиятлар ва вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ходимлари назорати остида амалга оширилди. Ҳозирги вақтда автомобиль йўлининг ушбу қисмида транспортлар ҳаракати тўлиқ тикланиб, автоуловларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланганини маълум қиламиз", дейилади маълумотда.