Янги кўприк нега қулаш даражасига келди?
Оқдарё дарёси устидан қурилган, Оқдарё ва Жомбой туманларини боғловчи кўприк авария ҳолатга келиб қолган.
Ҳолат Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши, депутатлар, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган жамоатчилик мониторингида аниқланди.
Ушбу кўприк 2023 йил вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш бош бошқармасига қарашли Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосан, дарё ва ўзанлардан қум, шағал аралашмасини қазиб олишга мораторий жорий этилган. Бироқ дарёнинг кўприкдан қуйи қисмида жойлашган тадбиркорлик субъектлари томонидан ноқонуний равишда қум, шағал қазиб олинаётгани сабабли, дарё суви кўприкнинг ўзан қисмига жиддий шикаст етказган. Оқибатда кўприкнинг остки қисми муаллақ бўлиб қолган. Тутиб турувчи асосий қозиқлар атрофи очилиб қолган.
Соҳа мутахассисларининг билдиришича, бугунги кунда кўприкнинг асос қисмига етказилаётган зарарни камайтириш мақсадида дарё суви тўхтатилган. Оқдарё устидаги кўприкда юзага келган авария ҳолатини бартараф этиш учун унинг қуйи қисмида дамба қуриш ва тегишли тартибда реконструкция ишларини амалга ошириш талаб этилади. Акс ҳолда фойдаланишга топширилганига ҳали икки йил ҳам бўлмаган Оқдарё ва Жомбой туманларини Самарқанд шаҳри билан боғловчи кўприк қулаб тушиши мумкин.
Бахтиёр Абдуллаев, вилоят партия ташкилоти раиси, вилоят Кенгаши депутати.