Самарқанд шаҳрини Жомбой ва Оқдарё туманлари билан боғлайдиган замонавий кўприк қурилди

Йўл қуриш, кўприк барпо этиш энг катта савоб ишлардан саналади. Шу жиҳатдан «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан Оқдарё дарёсининг Самарқанд шаҳар Ширин маҳалласига яқин ҳудудида бунёд этилган замонавий кўприк ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Халқ тилида «Асфальт завод» деб аталадиган Самарқанд шаҳрининг Оқдарё ва Жомбой туманларининг бир неча маҳаллаларига туташ бу жойдан бир пайтлар одам юришга ҳайиқарди. Одамлар дарё устидан қурилган омонатгина кўприкдан ўтиб, юмушларини бажарар, ҳатто ўқувчилар мактабга боришарди. Энди унинг йўловчилар учун нечоғли хавфли эканини тасаввур қилаверинг. Автоуловлар эса дарёнинг у тарафидаги маҳаллага бориш учун 10 километр айланма йўлни босиб ўтишига тўғри келарди.

Бугун эса ҳолат тамоман ўзгача. Мустаҳкам йўл ўтказгич бу ҳудудга яқин аҳоли учун катта қулайлик яратди. Энди ҳар қандай транспорт воситаси бемалол ҳаракатланадиган, одамлар эса кенг кўприкдан ўтиб-қайтадиган бўлди.

 - Кўприк лойиҳасининг умумий қиймати 3,5 миллиард сўмни ташкил этди, - дейди «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси директори Муродхон Ҳожихонов. – Унинг умумий узунлиги 90 метр, эни эса 7,5 метр. 100 тоннагача юкни кўтариш қувватига эга. Кўприк карантин эҳтиёт чораларига қатъий амал қилинган ҳолда 5 ой давомида қуриб битказилди. Унга зарур маблағ тўлиқ корхонамиз ҳисобидан сарфланди. Кўприкка туташ дарё ёқасидаги 200 метр майдон ободонлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ётқизилди, замонавий автобекат қурилди.

Биз ушбу дарёга туташ қишлоқларда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашдик.

- 35 йилдан буён Холвойи қишлоғида яшайман, - дейди Гулноза Қудратова. – Самарқанд шаҳрининг Янгиобод маҳалласида қариндошларим, Оқдарёнинг Бошдархон қишлоғида қудаларим истиқомат қилади. Шу пайтгача уларникига бориб-келиш азоб эди. Кичкина, хавфсиз кўприкдан жонимизни ҳовучлаб ўтардик. Бугун, мана, кенг, кўркам кўприк қурилди. Бундай қулайликдан мамнунмиз, қариндошларимизникига, қолаверса бозор-ўчарга бемалол бориб келяпмиз, оғиримиз енгил, узоғимиз яқин бўлди.

- Қирқ йилдан буён техника ролини бошқараман, - дейди ўзини Ҳамид ака деб таништирган Ширин маҳалласида яшовчи ҳайдовчи. – Йиллар давомида бу ерда бирор оддий бўлсаям кўприк бўлмаганлиги сабабли Бошдархон қишлоғига бормоқчи бўлсак, ё Фарҳод шаҳарчасидаги кўприк орқали ёки Оқдарёнинг «Тошкент - Бухоро» магистрал йўлига чиқиб, айланма йўлдан келишга мажбур бўлардик. Энди эса ҳар қандай юк билан юз метр юрсак Бошдархонга, ундан 3 километрдан сўнг Самарқанд шаҳрига етамиз.

Дарвоқе, бу ерлик аҳоли кўприкни бунёд этган корхона раҳбари Муродхон Ҳожихонов айтмаган бир гапни айтиб қолди. У кишининг онаси бу ерда аҳоли учун қурилаётган кўприкни кўриб, турмуш ўртоғи билан ҳажга бориш учун йиғиб юрган пулларини берибди ва ўғлига бу маблағни шу эзгу иш учун сарфлашини тайинлабди. Натижада бу сармоя эвазига кўприк усти янгича дизайн билан безатилиб, кечки пайт турли рангларда ёнадиган чироқлар билан таъминланибди.

Ушбу кўприк эртага, 18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни расмий равишда фойдаланишга топширилади.

Акрам Ҳайдаров,

Бахтиёр Мустанов (фото).