Қурилаётган кўприкнинг қулашига нима сабаб бўлди?
- 08.01.2021 17:36
- 256
- Ҳодиса
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги Шимолий Фарғона канали устида қурилаётган кўприк қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса бугун, 8 январь куни соат 11:00 атрофида рўй берган. Бунинг оқибатида қурбонлар ёки жабрланганлар бўлмаган.
Узунлиги 37 метр, эни 3 метр бўлган ва пиёдалар қатнови учун мўлжалланган кўприк маҳаллий тадбиркор томонидан “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳига келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида барпо этилаётган бўлган. Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаган.
Тадбиркор Маъруфхон Ҳожихоновнинг айтишича, бу ишга яқинда 90 ёшида қазо қилган отасининг васиятини амалга ошириш учун киришган. Ҳаво ҳарорати пасайиб, каналдаги сув оқими кўпайгани сабабли кўприкнинг монтаж ишлари тўлиқ якунланмаган, икки томонига яна трос ва темир ўрнатилади.