“Ватанпарварлик карвони” йўлга чиқди

Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида аҳолига, хусусан, ёшларга хушкайфият улашиш, юртга бўлган садоқатини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш мақсадида “Ватанпарварлик карвони” йўлга чиқди.
- Самарқанд шаҳридан сафарга отланган ҳарбий хизматчилардан иборат “карвон”ни ёшлар катта қизиқиш билан қарши олмоқда, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, капитан Ҳусан Ғозиев. - “Ватанпарварлик - мардлик, шижоат!” шиори остидаги дастлабки тадбир Оқдарё туманидаги 28-мактабда ўтказилди.
Кейинги манзил Иштихон тумани бўлди. Тадбирларда қурол-аслаҳалар кўргазмаси, жанговор чиқишлар, айниқса, ҳарбийларнинг ёшлар билан самимий мулоқотлари ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, уларнинг ҳарбийлик касбига бўлган ҳавас ва қизиқишларини орттиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур “Ватанпарварлик карвони” ўз йўлида вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари бўйлаб давом этади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.