Вилоят ҳокимлиги тарихчи олимни Ҳажга юборадиган бўлди

Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказида тарихчи олим Комилхон Каттаев билан ижодий учрашув ҳамда унинг яқинда чоп этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов олиб борди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов олим ёзган асарлар тўғрисида тўхталди. Хусусан, Комилхон Каттаев 60 га яқин китоб ва 200 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи эканлиги, жумладан, суфизм тарихига оид бир неча қадимий китобларни араб-форс тилидан таржима қилганлиги, китоб ва мақолалари чет элларда ҳам нашр этилгани эътироф этилди.

Учрашувда вилоят ҳокимлиги томонидан тарихчи олим Комилхон Каттаевни қилаётган хайрли ишлари инобатга олиниб, Ҳаж сафарига юборилиши маълум қилинди.

Ижодий учрашувда сўз олган профессорлар М.Пардаев, Д.Салоҳий, шоира Ж.Сувонова, Республика маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари Х.Нуруллаев томонидан Каттаевнинг илмий тақиқотларида Самарқанднинг кўплаб маданий обидалари тарихи илк марта ёритилгани ҳамда бир қанча обидалардаги ўчиб кетган ёзувли катабалар тиклангани айтилди. Мустақиллик даври топономика соҳасида ҳам Самарқанд шаҳри кўчаларининг ўнлаб қадимий номлари олимнинг тадқиқот ва таклифлари натижасида тиклангани қайд этилди. Бундан ташқари, Комилхон Каттаевнинг шахсий кутубхонасида 200 дан ортиқ нодир китоблар сақланаётгани тилга олинди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.