Вилоятдаги бешта маданият бўлими ва тўртта театрга автомашиналар берилди
Маданият вазирлиги томонидан вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги Паст Дарғом, Иштихон, Пахтачи, Жомбой туманлари ва Каттақўрғон шаҳар маданият бўлимларига “Damas”, автомобили, тўртта театрга “Isuzu” юк машинаси топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов иштирок этди.
- Бундан беш йил олдин вилоят ҳокими ходимларимизга автобус берган бўлса, бугун Маданият вазирлиги томонидан декорациялар учун юк машинаси топширилиши ишимизни янада осонлаштирди, - дейди Каттақўрғон шаҳар драма театри директори Ботир Тугалов. – Чекка ҳудудларга гастрол сафарга бормоқчи бўлсак, декорацияларини олиб боришга қийналардик ва жамоамиз топган маблағнинг асосий қисми йўл харажатларига кетарди. Энди бундай муаммоларга барҳам бериладиган бўлди ва тушадиган маблағлар ижодкорларни қўллаб-қувватлашга, театрнинг моддий техник базасини яхшилашга ҳамда ходимларимизнинг фестивалларда иштирокини таъминлашга ишлатилади.
Тадбир якунида вилоятдаги барча туман ва шаҳар маданият бўлимларига беш турдаги 300 га яқин чолғу асбоблари ҳам топширилди. Шунингдек, Президент топшириғи асосида ҳар битта ҳудудда бўлиши белгиланган намунавий маданият марказларида қурилиш-таъмирлаш ишларини ўз муддатида якунлаб, фойдаланишга топширилиши маълум қилинди.