Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлари 26 та қонун лойиҳалари бўйича 70 га яқин таклиф берди

Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари демократик ислоҳотлар моҳияти хусусида тўхталар экан, сенаторлар маҳаллий кенгашлар ва уларнинг депутатлари фаолиятини тубдан ўзгартиришга, жамоатчилик назоратини кучайтиришга масъул бўлишлари давр талаби эканини таъкидлаб ўтганди. Хусусан, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ишини намунали йўлга қўйиш ва бу тажриба орқали халқ вакилларининг жамиятдаги етакчилигини таъминлаш вазифасини ўртага ташлаганди.

Ўтган қисқа муддатда бу борада вилоятимизда муайян ишлар бажарилди. Олий Мажлис Сенати ёрдамида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида сенаторлар хонаси ташкил этилди. Бу хонада Кенгашларнинг, доимий комиссия раислари ва депутатларнинг мунтазам ишлаши учун шароит яратилди. Сессияга масалаларни пухта тайёрлаш, сессия қарорлари ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш, доимий комиссия йиғилишлари нуфузини ошириш, сайловчилар мурожаатлари билан ишлаш юзасидан семинарлар уюштирилди, амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада депутатларнинг фаоллиги сезиларли даражада ошди. 26 та қонун лойиҳалари юзасидан ўтказилган муҳокамаларда вилоят Кенгаши депутатлари 70 га яқин таклифлар беришди.

Сессияда кўриладиган масалаларни бир ой олдин вилоятдаги ОАВда эълон қилиш анъанага айланди. Ишчи гуруҳи аҳолидан, сайловчилардан телеграм орқали ҳар бир масала бўйича 30-40 тагача таклиф-мулоҳаза қабул қилди ва улар сессияда эълон қилинди. Айримлари бўйича депутатлик сўровлари уюштирилди. Депутатлик сўрови ва унинг ижроси бўйича жавоб матнини ҳам матбуотда, ижтимоий тармоқларда чоп этиш тажрибаси шаклланди. Депутатлик сўровига жавоб бермаган ёки кечикиб жавоб берган раҳбарлар эълон қилиб борилди. Бундай услуб камбағал оилаларга ёрдам уюштиришда эътиборсизлик ва масъулиятсизликларга барҳам берди ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 27,9 миллиард сўм маблағнинг эгаларига ўз вақтида, адолатли етиб боришини таъминлади.

Сенат ёрдамида вилоят Кенгаши депутатларининг шаҳар ва туман кенгаши депутатларига амалий ёрдамини уюштириш ўзаро ҳамкорликни кучайтириш баробарида депутатларнинг халқ ўртасида нуфузини оширишга ҳам хизмат қилди. Ўзаро ҳамкорлик туфайли жойларда 100 дан ортиқ лойиҳалар ўз муддатида амалга оширилди. Умуман, рўйхатга олинган 47.700 нафар камбағал оиланинг ҳар бири ҳозирда ҳам сайлов округлари бўйича депутатлар эътиборида турибди.

Депутатлар фаоллиги, табиийки, сессия ва доимий комиссия йиғилишларининг самарали бўлишини таъминлаяпти. Ҳар бир сессияни Кенгаш раиси тасдиқлаб берган жадвал асосида доимий комиссиялар навбати билан тайёрлаши яхши натижа берди. Йилнинг ўтган даврида 59 та масала қизғин муҳокама этилди. Уларда депутатларнинг ярмидан кўпи муносабат билдирди. Учта ижро органи раҳбарининг ҳисоботи қайтарилди, 5 нафар раҳбарга интизомий чора кўрилди. Демоқчиманки, ошкора муҳокама, адолатли қарорлар ижро ҳокимияти фаолиятининг самардорлигини оширишга ёрдам берди. Ана шу жараён вилоятдаги ОАВ, ижтимоий тармоқларда ёритилгани боис, сайловчиларнинг ўз депутатларига ишончи ортиб бормоқда. Бинобарин, сессиянинг ҳар бир қарори ОАВда бериб борилаяпти. Кейинги сессиямиз ижтимоий тармоқларда онлайн тарзида тўғридан-тўғри берилди.

Сенат ялпи мажлисида Самарқанд вилояти ҳокимининг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ҳисоботи муҳокамаси ва унда қабул қилинган қарорлар фаолиятимизда катта аҳамиятга эга бўлди. Сенат ишчи гуруҳи аниқлаган камчиликларни бартараф этиш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ундаги ҳар бир муаммо ижросини назорат қилиш учун фаол депутатлар бириктирилди. Ҳозиргача бу ишларнинг аксарияти ечимини топди.

Вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раислари вилоят телевидениеси орқали аҳоли билан икки марта тўғридан-тўғри мулоқот ўтказди. Айниқса, пандемия шароитида маҳаллий кенгашлар депутатларининг ўз сайлов округларида камбағалликни қисқартириш, ночор оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, томорқадан унумли фойдаланиш борасида аҳолига сидқидилдан ёрдам бераётгани, бу борадаги муаммоларга ечим топаяптгани уларнинг сайловчи билан муносабатларини яқинлаштирмоқда. Мисол учун даромад манбаига эга бўлмаган оилалардан 6.693 тасига амалий ёрдам кўрсатилди, яъни айримларига оилавий тадбиркорликни бошлаш, томорқадан фойдаланиши учун кредитлар ажратилди, айримларига касаначилик имкониятлари берилди.

Намунали Кенгаш сари интилиш ишимизга жўшқинлик бағишлаяпти. Шу боис давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларини янада тўлароқ амалга ошириш мақсадида Кенгашда маош олиб ишловчи котибият тузиш таклифи тушди. Бу таклиф депутатлар томонидан маъқулланди. Очиғи, депутатлик фаолиятини умумлаштириш, уни мониторинг қилиш, ҳисоботлар тайёрлаш илгари жамоатчилик асосида бажарилди. Синов тариқасида Самарқанд шаҳри ва Оқдарё тумани Кенгашларида ҳам жорий этилган котибият бу ишларни доимий тарзда олиб боради ва депутатлар фаолиятини янада жонлантиришга, Кенгаш фаолияти самардорлигини оширишга хизмат қилади.

Йилнинг иккинчи ярми учун тузилган режалар янада салмоқли. Аввало, навбатдаги сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосарига Кенгаш сўрови юборишни мўлжаллаяпмиз. Бу қурилиш объектларидаги тартиб-тамойилга риоя этиш бўйича бўлади. Ундан кейин йил охиригача ҳар ойда битта туман ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш бўйича ҳисоботини эшитамиз. Дарвоқе, режамизда вилоят ташкилотлари ва сектор раҳбарларининг у ёки бу дастурлар ижроси бўйича ҳисоботларини, доимий комиссиялар ва депутатларнинг ўз фаолиятлари юзасидан ахборотларини эшитиш ҳам бор.

Сенат биринчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан ҳалқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ишини намунали ташкил этиш топшириғи бизга ғурур бағишлайди ва шу билан бирга масъулият юклайди. Депутатларимиз сайловчи ишончини оқлаш, халқнинг эътирофига сазовор бўлиш, муҳими, ўз бурчини сидқидилдан бажаришга интилаверади.

Фармон ТОШЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.