“Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган оқдарёлик ўқитувчи

Адҳамхўжа Нозимов меҳнат фаолиятини 2014 йилдан Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактаби “Камолот” етакчиси ҳамда тарих фани ўқитувчиси вазифасидан бошлаган.

У қисқа муддат ичида ўзининг ташаббускорлиги, фидойилиги билан тилга тушди. Айниқса, турли кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаб, тизим жамоатчилигининг эътирофига сазовор бўлди.

Жумладан, 2015 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Энг яхши “Камолот”етакчиси” кўрик-танлови совриндори бўлган. Шу йилнинг ўзида “Информацион технологиялар бўйича умумий тушунча”, “WINDOWS-XP”, “OFFICE 2000”, (WORD, EXCEL, INTERNET) мавзуларидаги махсус тренингларда фаол иштироки учун сертификат билан тақдирланган. “Президент асарлари билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичида 3-ўринни қўлга киритган.

У таълим муассасасидаги машғулотларда ўзи яратган 20 дан ортиқ кўргазмали қуроллардан маҳорат билан фойдаланиши натижасида ўқувчиларда ўзлаштириш самарадорлиги ўсишига эришган.

Интилувчан ёш педагог 2016 йилда Оқдарё тумани халқ таълими бўлимида мутахассис, шўъба инспектори ҳамда бўлимнинг ёшлар иттифоқи етакчиси вазифасида ишлаган. Ушбу вазифада бошқарувчилик ва ташаббускорлик иқтидорини кўрсатган А.Нозимов 2019 йил тумандаги 47-умумий ўрта таълим мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида иш бошлаган.

Дарвоқе, А.Нозимов 2017 йилдан Оқдарё тумани ҳокимлиги ҳузуридаги узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш бўйича “Маънавият тарғиботчиси” гуруҳининг фаол аъзоси ҳисобланади.

Жорий йил декабрда 30 ёшга тўладиган фидойи педагог туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Шахнозахон Бобоева билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.