Халқ таълими вазири Самарқанд мактабларининг ҳолатини ўрганди
Умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ишларининг натижадорлигини ошириш ҳамда ўқувчилар ва педагог-ходимларнинг соғлиғини ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи аъзолари Самарқанд вилояти мактабларини ўрганишни бошлади.
Вазир вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги ҳамда абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириш тестларини топшириш жараёнлари билан танишди.
Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари 2-14 сентябрь кунлари давомида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қўйилган талабларнинг ижросини таъминлаш ҳолатини ўрганади. Мактабларнинг анъанавий тарзда фаолияти йўлга қўйилиши олдидан ҳар бир туман ва шаҳарлардаги мактаблар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосаси берилиб, ушбу йўналишда аниқланган муаммолар ҳукумат ва маҳаллий ҳокимлик даражасида ҳал этилади.
Бугундан бошлаб вилоят халқ таълими бошқармасида тузилган штабда вилоят бўйича 1255 та мактаб ва махсус мактаб-интернатлардаги ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида ўтказилган сўровномаларнинг натижаларига мувофиқ, анъанавий ёки онлайн таълим жараёнлари ташкил этилиши, ўқитувчиларнинг тест топширганлиги ҳолати, мактабнинг дозатор, пирометр, антисептик воситалар билан таъминланганлиги бўйича аниқ маълумотлар жамланмоқда.
Ушбу ўрганишлар асосидаги хулосалар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритилади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.