Халқаро марказда “Саҳиҳул Бухорий” хатм қилинди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Индонезиянинг энг нуфузли диний ташкилотлари ва илмий доиралари вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчиси, профессор Сити Руҳайний Жўҳаятин хоним, дунёдаги энг йирик исломий ташкилот –“Nahdlatul Ulamа” (NU) марказий кенгаши вакили доктор Ҳожи Солеҳ Қосим ҳамда Индонезиянинг қадимий ва машҳур таълим маркази – “Al Falah Ploso” раҳбарлари Ҳазрат Абдурраҳман Ал-Каутсар ва Нурул Ҳуда Ҳожи Жажулий каби йирик уламолардан иборат делегация аъзолари халқаро марказ фаолияти билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси маслаҳатчиси Ф.Додиев, вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Р.Қобилов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Ш.Зиёдов давлатимиз раҳбарининг диний-маърифий соҳага алоҳида эътибори билан юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар, муҳаддис боболаримиз меросини илмий тадқиқ этиш ва бутун дунёга тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Ташрифнинг асосий воқеаси “Саҳиҳул Бухорий” хатмонаси бўлди. Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги энг муҳим манба, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг саҳиҳ ҳадисларини ўзида мужассам қилган ушбу нодир асарнинг ушбу даргоҳда – Имом Бухорий мақбараси ёнида хатм қилингани ўзаро яқин маънавий муҳит ва дўстлик руҳиятини янада юксалтирди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов таъкидлаганидек, Имом Бухорийнинг мазкур тўплами шунчаки ҳадислар жамланмаси эмас, балки инсон тафаккури, қалби ва руҳиятини поклашга хизмат қилувчи, асрлар оша ўз қийматини йўқотмай келаётган жонли меросдир.

Илмий мулоқотларда асарнинг нодир қиймати – инсоннинг ички ва ташқи поклиги, эмоционал салоҳиятини эзгуликка йўналтиришдаги ўрни ҳадис илми асосида теран таҳлил этилди.

Икки томонлама мулоқотларнинг мантиқий давоми сифатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги қарори ижроси доирасида “Умра плюс” зиёрат туризми дастурининг моҳияти ва истиқболлари муҳокама қилинди. Музокарада Самарқанднинг дунё зиёрат туризми харитасидаги ўрнини мустаҳкамлаш, янгидан барпо этилган Имом Бухорий мажмуаси фойдаланишга топширилгач, Индонезиядан келадиган зиёратчилар учун ушбу муқаддас қадамжони “Умра плюс” маршрутларининг энг муҳим бўғинига айлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф якунида делегация аъзолари Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, буюк муҳаддис хотирасига эҳтиром бажо келтирди. Меҳмонлар ушбу муқаддас қадамжонинг ислом оламидаги юксак илмий ва маънавий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.