Халқаро тажриба — маҳаллий ривож йўлида
Бугун қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда инвестицияларни жалб этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва уни маҳаллий шароитга мослаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан кеча, 27 январь куни Хитой Халқ Республикасининг “Dayu Irrigation” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда “Agrobank” АТБ томонидан тадбиркорлар ва фермерлар учун яратилаётган молиявий имкониятлар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Маълумки, “Dayu Irrigation” компанияси томчилатиб суғориш ва сувни тежашга қаратилган илғор ечимлари билан жаҳон амалиётида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Ушбу тажрибани Тойлоқ тумани шароитида жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш мумкин.
Учрашув давомида ҳамкорлик доирасида туманда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, мазкур ташаббуслар ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, фермер ва тадбиркорлар даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.
Муҳиба САЙФИДДИНОВА,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.