Хавфли йўлаклар: Нима учун кафель муз ва қорга мослаштирилмайди?
Қиш авжида. Бугун тонг одамларни кучли қор билан қарши олди. Ҳаво қандай бўлмасин, одамлар иш ёки бошқа юмушга отланган. Кимдир машинада, кимдир автобус, яна кимдир пиёда. Ана шунақа чиройли қиш фонида ҳафсалани пир қиладиган ҳодисага гувоҳ бўлдим.
Самарқанд шаҳридаги Юсуф Ҳамадоний кўчасида, йўл четида қатор маиший хизмат марказлари, жумладан хусусий инглиз тили мактаби бор. Ана шу мактаб олдидаги пиёдалар йўлаги (тротуар)га келганда бир киши, секин юриб бораётган бўлса-да, нохосдан бутун бўйи билан чалқанчасига йиқилди. Уни турғазишга ошиқдик ва ўзимиз ҳам йиқилишимизга оз қолди, чунки пиёдалар йўлаги ойнадай силлиқ эди.
Йўловчи бошига қаттиқ зарба еганини айтиб, кафель қўйганларни сўкиб, ғудраниб гандираклаганча йўлида секин давом этди.
Савол туғилади: Нега йўлакка кафель ётқизилганда қор ва муз эътиборга олинмайди? Кун давомида бу йўлакдан неча киши ўтиб ўз ҳаётини хавф остига қўяди? Бундай ҳолатда инсон саломатлигига жиддий зарар етса ким жавоб беради?
Яна бир гап: чет элда, масалан, Россияда тонгдан ҳамма тротуарлар қордан тозаланади. Шахсий фирма бўладими, давлатга қарашлими, фарқи йўқ. Одамлар юрадиган йўлаклар эрталаб тоза бўлиши керак. Бизда эса фақат автоуловлар юрадиган йўлга қум-туз сепилади, йўлакларга эътибор берилмайди, ҳеч ким тротуарларни тозаламайди. Нима учун?
Гулнора Холдорова.