Стул ясашни ўрганган пастдарғомлик йигит кунига беш миллион сўм даромад қиляпти

Хорижда пул топиш учун меҳнат қилишнинг ўзи бўлмайди. Бу гапни Россия давлатида бир муддат ишлаб қайтган, бугунги кунда ўз хонадони яқинида тадбиркорлик билан шуғулланаётган пастдарғомлик Фаррух Ибрагимов ҳам тасдиқлайди.

Етти йил оиламдан олисда, минг бир қийинчиликлар билан қурилишда меҳнат қилдим, - дейди у. – Хориждан қайтганимдан кейин маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисининг маслаҳати билан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, тадбиркорликни бошладим. Дастлаб, Фарғона вилоятига бориб, тадбиркорлардан стол-стул ва арғимчоқлар ясашни ўрганиб қайтдим. Кейин корхона ташкил қилдим ва зарур ускуналар келтирдим. 5 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди. Бугунги кунда буюртма асосида стуллар тайёрлаяпмиз. Ҳар биридан ўртача 50 минг сўмдан қоляпти. Бир кунда 100 та стул тайёрланса, 5 миллион сўм даромад дегани.

Ёш тадбиркор келгусида фаолиятини кенгайтириб, эшик ва дераза ромлари, юмшоқ мебель маҳсулотлари тайёрлашни ҳам режалашиб қўйган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (видео).