Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ХТВ андижонлик ўқитувчиларнинг калтаклангани ҳолатига изоҳ берди

Аввалроқ жорий йилнинг 5 октябрь куни Андижон шаҳридаги 50-умумий ўрта таълим мактабида педагоглар калтаклангани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолатга Халқ таълими вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, мактабда соат 13:20 да маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Ў. ҳамда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А. томонидан кийиниш маданиятига риоя қилмаган ва дарсга кеч қолган математика фани ўқитувчиси Д.Ю.га оғзаки огоҳлантириш берилганда улар ўртасида тортишув келиб чиққан. Тортишув натижасида Д.Ю.  уларга турмуш ўртоғи билан таҳдид қилган.

Соат 13:35ларда Д.Ю. турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти билан мактабга бостириб кириб, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ш.Ў. ҳамда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А.ларни мактабнинг кириш қисмида таёқ билан дўппослаган.

Шу пайтда уларни ажратган ўқитувчиларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларни ҳам дўппослашга уринган.

Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан шошилинч тез тиббий ёрдамга ҳамда ҳудудий профилактика инспекторларига хабар берилган.

Соат 14:00 да профилактика инспекторлари воқеа жойига етиб келган. Лекин Д.Ю.нинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти ҳодиса содир этилган жойдан кетиб бўлган.

Жабр кўрганлар шошилинч тез тиббий ёрдам хизматининг навбатчи шифокорлари томонидан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига олиб кетилган.

Шифокорлар хулосасига кўра, Ш.Ў. мия чайқалиши, бурун синиш, юзининг ўнг қисмининг кўзи атрофи ҳамда оёқларининг тизза қисми каттиқ зарбадан жароҳатлангани, Ғ.А.нинг мия чайқалиши, бурун ва икки тиши синиши, бадани ҳамда чап қўлининг зарбадан қаттиқ жароҳатлангани аниқланган.

Муолажалар ўз вақтида қилингани сабабли ҳозирда жабрланувчиларнинг соғлиғи яхши ҳолатда ҳамда доимий шифокорлар назоратида.

Шунингдек, вазирлик Андижон шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.