Янги йилдан байрамларда қўшимча дам олиш кунлари белгиланади

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номли ички туризм дастури келгуси йили изчил давом эттирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Рўза ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрамлари даврида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда.

Шунингдек, номавсумий саёҳатлар учун Ички туризм ойлиги, ҳафталиги ва кунлари ташкил этилади.

Президентимиз пандемия сабабли туризм соҳаси учун 2020 йил охиригача берилган имтиёз ва преференцияларни 2021 йил охирига қадар узайтириш, аҳоли учун транспорт ва меҳмонхона хизматлари бўйича чегирмалар бериб, ички туризмни оммавий ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.