Илмий тадқиқотлар ҳаётга жорий этиляптими?

Юртимизда қадимда одамлар доривор ўсимликлар билан даволанишган. Тиббиёт ривожлангач, доривор ўсимликларга эътибор камайди, бироқ улар табиий маҳсулотлиги билан қадрлидир.

Бугун Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти олимлари элликдан ортиқ доривор ўсимликлар устида илмий тадқиқот ишлари олиб боряпти. Доривор ўсимликлардан айримлари институтнинг тажриба даласида кўпайтирилиб, қайта ишланиб, сотувга чиқарилмоқда.

- Доривор ўсимликлардан молиялаштирилгани артишок ўсимлиги бўлиб, бугунги кунда ундан институтда доривор чой тайёрланяпти, - дейди институтнинг агробиология факультети доривор ўсимликлар ва озиқ-овқат технологияси кафедраси ассистенти Ваҳоб Раҳмонов. – Бундан ташқари, Самарқанд бўзночи ўсимлиги устида ҳам илмий тажрибалар олиб бориляпти. Бу ўсимлик жигар ва ўт касалликларида шифобахш ҳисобланади. Шунинг учун фармацевтикада ундан кенг фойдаланилади. Кафедрамизда балиқ ва паррандалар учун озуқа ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйганмиз. Озуқанинг номи Biofood chickent бўлиб, унинг таркибида азолла ва вяска сув ўсимликлари мавжуд. Biofood chickent устида иш олиб борган институт талабаси Азимжон Ҳамроев ўтган йили “Улуғбек ворислари” республика танловида ғолиб бўлиб, 7,5 млн сўм мукофот пулини қўлга киритди. Насиб бўлса, уни молиялаштириб, сотувга чиқаришни режа қиляпмиз.

Шунингдек, институтда розмарин ўсимлигидан кукун, спрей (пуркагич), эфир мойи ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Спрей соч тўкилишининг олдини олса, эфир мойи асаб тизимига ижобий таъсир этади. 

Институт лабораториясида занжабил, артишок, тоғ райҳони, бўйимадарон каби доривор ўсимликлар етиштириляпти.

- Артишок бўйича кўп йиллардан бери тадқиқот олиб бораман, - дейди доривор ўсимликлар ва озиқ-овқат технологияси кафедраси доценти Элдор Исомов. – Шу бўйича илмий изланишлар қилдим, нуфузли журналларда мақолалар чоп этдим. Бу йил институт дала тажриба майдонининг 15 сотихига артишок ўсимлиги етиштирдик. Ўсимлик баргларини териб олиб, қуритиб, маҳсулотни қайта ишлаш цехида қадоқлаб, сотишни йўлга қўйдик. Ёшларнинг стартап лойиҳалари доирасида институтда доривор чойларни қадоқлаш учун асбоб-ускуналар олинган. Артишок жигар, буйрак, қандли диабет, стоматит каби касалликларнинг олдини олишда фойдали ҳисобланади. Унинг тарихига тўхталадиган бўлсак, артишокнинг асли ватани Ўрта Ер денгизи, Канар ороллари бўлиб, дастлаб ёввойи ҳолда учраган. Мамлакатимизга 1990 йилларда репродукция қилиниб, кўпайтириб келинган. Артишок чойини сотиш бўйича соғлиқни сақлаш вазирлигидан рухсатнома олинган. Бугун уни дорихоналардан топиш мумкин.

Институтда лойиҳа доирасида 2-3 нафар иқтидорли талаба ишга жалб этилган, яъни улар доривор чойни қадоқлаш жараёнида иштирок этади.

Бундан ташқари, институтда турли мавсумда фойдаланиш мақсадида баъзи сабзавот маҳсулотларини қуритиш устида тадқиқот ишлари олиб бориляпти. Масалан, олимлар яқинда қизил лавлагини қуритиб, қадоқлашди. Қуритилган қизил лавлагини қиш мавсумида овқат ва салатларга ишлатиш мумкин.

Шунингдек, бу йил институтнинг тажриба даласида дориворлик хусусияти юқори бўлган Абужаҳл тарвузлари ҳам етиштирилди.

- Мен Абужаҳл тарвузини илдизидан ташқари озиқлантириш орқали унинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича тажриба олиб бормоқдаман, - дейди институт магистранти Жалолиддин Хушвақтов. – Тажрибамга деярли бир йил бўлди. Абужаҳл тарвузи халқ тилида аччиқ тарвуз ҳам дейилади. Мен бу тарвузни етиштиришда илдизига эмас, балки баргларига иккита препарат орқали ишлов бердим. Атиги бир сотихлик майдонда ўтказган тажрибамдан етарлича натижа олдим, яъни тарвузчаларнинг ҳажмини икки баравар катталаштиришга эришдим. Абужаҳл тарвузи қадимдан Ўрта Осиё мамлакатларида табиий восита сифатида қўлланиб келинадиган доривор ўсимлик ҳисобланади. Тарвуз яллиғланишга қарши, ичак йўлларига ва халқ табобатида гижжаларни туширишда ҳам қўлланилади. Ҳозирги олимларнинг тадқиқотига кўра, бу ўсимликнинг таркибидаги баъзи моддалар қандли диабетда қанднинг миқдорини меъёрлаштиришда жуда фойдали деб топилмоқда.

Абужаҳл тарвузи аччиқ бўлганлиги туфайли ёш болаларга бир кунда бир маҳал ярим қошиқчадан, катталарга бир қошиқчадан асал билан аралаштирилган ҳолда истеъмол қилиш тавсия этилади. Агар организмда гижжалар кўп бўлса, бир кунда икки маҳал истеъмол қилиш мумкин. Бу тарвузнинг асосан, гибрид навлари Ўзбекистонда кенг тарқалган бўлиб, унинг ҳажми катта ва ичи қизғиш. Тарвузнинг гибрид навларида дориворлик хусусиятлари кам бўлганлиги учун мен айнан дориворлик хусусиятига эга навини Ургутдан, яъни табиблардан топиб, уруғидан кўпайтирдим. Насиб бўлса, кейинги йилларда Абужаҳл тарвузини катта майдонларга экиб, бозорларга чиқариш ниятидаман.

Институт олимлари доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва сотувга чиқариш орқали аҳоли саломатлигини табиий маҳсулотлар ёрдамида тиклашни мақсад қилган. Улардан ҳали бундан ҳам яхши натижаларни кутиб қоламиз.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат ва видеолавҳа).