Ярим аср газетада ишлаган матбуот фахрийси хонадонида
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан журналистика соҳасида узоқ йиллар фаолият кўрсатган, ёшларга намуна бўлиб келаётган фахрий ижодкорлар салоҳиятидан фойдаланиш, улар тажрибасини уларга ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида жойларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиш анъанага айланди.
Ана шундай учрашувнинг навбатдагиси Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, уюшманинг вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров шаҳарнинг Кимёгарлар қўрғонида яшовчи 75 баҳорни қаршилаган, "Шуҳрат" медали соҳиби Маҳбуба Шаропова хонадонида бўлиб, ижодкор билан дилдан суҳбат қилди.
М.Шаропова ижодий фаолиятини 1967 йилда “Зарафшон” газетасида кадрлар бўлими ходимлигидан бошлаб, ҳарф терувчи, мусаҳҳиҳ бўлганини гапириб берди. Ўқиб, ўрганиши натижасида Самарқанд давлат университети талабаси бўлгани, шунда ҳам газета чоп этиш жараёнларида доим қатнашиб турганини эслади.
- Сизнинг матбуот соҳасидаги 47 йиллик беминнат хизматингиз барчамиз учун ибрат, — деди Холмурод Салимов. — Айниқса, шогирдларга берган ҳаётий сабоғингиз, ўгитингиз ёш журналистлар учун тажриба мактаби. Шунинг учун таҳририятга бориб туришингиз, ўз тажрибаларингиз билан ўртоқлашишингиз бугунги ходимлар фаолиятига фойда беради.
- Албатта, вақт топдим дегунча қадрдон таҳририятимга отланаман, — деди М.Шаропова. — Аввало, биз, фахрийларга ҳамиша кўмакчи ва ғамхўр бўлган Президентимиз, ҳокимликлар ва қадрдон "Зарафшон" газетам жамоасидан миннатдорман. Мана, бугун сизлар хонадонимга йўқлаб келиб, мени янада руҳлантирдингиз. Бу каби ширин дийдор учрашув мени янада ижод қилишга ундайди.
Устозга матбуот соҳасига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ташаккурномаси ва совғаси топширилди.