Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Яхши тилакми ёки занжирли хабар?

Одатда тонгни қўлимиздаги телефонга келган хабарларни ўқишдан бошлаймиз. Дастлаб СМС хабарларни, сўнгра Телеграмни очиб, ким нима хабар юборганини бир кўздан кечирамиз.

Кейин ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда янгиликларни кўриб чиқамиз. Тармоқларда хабарлар билан бирга тилаклар ҳам берилади. Уларни кузатамиз: айримлари кўнглимизга хуш ёқади, айримлари эса йўқ. Лентани айлантириб, бошқа хабарларга ўтамиз.

Байрам кунлари ёки ҳафтанинг жума кунлари хабарлар бирмунча кўпаяди. Сиз таниган-танимаган аккаунтлардан табриклар, йўқловлар, тилаклар келаверади. Бир қарашда булар самимий, эзгу ниятлар. Аммо шундай хабарлар ҳам борки, улар эътиборни тортади. Сизни байрам ёки жума куни билан самимий муборакбод этиб, чиройли тилаклар билдирганидан сўнг, «ушбу хабарни 9 кишига тарқатинг», дея тайинлайди. Хўш, нега энди биз бировнинг хабарини 9 кишига тарқатишимиз керак? Ўйланиб қолдим: нима, 9 кишига юбормасам, тилаклар ижобат бўлмайдими? Ўзи бу каби хабарлар нега керак?

Ёдимда, мактабда ўқиб юрганимизда шундай хатларни сумкаларимиздан топиб олардик. Содда бўлганмиз шекилли, дафтаримиздан варақ олиб, хатни кўчириб, вақтимизни кетказиб, белгиланган сондаги кишиларга тарқатардик. Чунки хатда агар тарқатилмаса, кўнгилсизлик кутиши айтилар эди. Ёки аксинча, маълум муддатда қувончли хабар кутаётганлиги билдириларди.

Тасаввур қилинг: сиз 10 кишига бердингиз, 10 киши яна 10 кишига юборади, 100 киши яна 10 кишига юборади ва шундай давом этиб, ўзингиз неча бор шундай хатни қабул қиласиз. Шу тариқа хатлар занжири пайдо бўлади.

Яқинда телеграмимга ҳам шу мазмундаги хат келди. Унда: “Энг ёкимли курашувчи чиройли аёл бу смсни укияпти. У менинг жондан азизим, у хушчакчак, очик кунгил, хакикатгуй, софдил. Мен у билан фахрланаман! Илтимос Оллохим унга чиройли яшаши ва хаёти чиройли утиши узок умр куриши учун ёрдам бер. Дуо киламанки, унинг ва болаларининг хаёт йулини ёруг кил. 9 минут ичида сизни бир нарса бахтли килади. Сиз яхши курган 9 аёл бн улашинг”. (Хабар қандай ёзилган бўлса, шундай ёздим. Ундаги хатоларнинг ўзи алоҳида мавзу).

Хабарни ўқидим, аммо ҳеч кимга тарқатмадим. Чунки гарчи ҳиссиётлар бунинг аксини, яъни таваккал қилиб юбориб кўришни айтса-да, тарқатганда ҳам бахт ёки омад шу хатга боғлиқ эмаслигини тушуниб турардим. Хўш, бундай хатларни юборишдан мақсад нима? Телеграм ёки СМС орқали келадиган «Ушбу матнни 10 кишига юборинг», «10 нафар дўстингизга тарқатинг», «Акс ҳолда омадсизликка учрайсиз» ёки «Хабарни тарқатсангиз, сизга совға берилади» каби хабарлар занжирли хабарлар бўлиб, уларни бевосита фирибгарлик деб бўлмайди. Аммо уларнинг ортида турли мақсадлар бўлиши мумкин:

- Одамларни ишонтириш ва қўрқитиш орқали, яъни «Юбормасангиз, ёмон воқеа юз беради» каби гаплар билан хабарни тарқатишга мажбурлаш.

- Ижтимоий тармоқдаги фаолликни сунъий ошириш. Хабар қанча кўп фойдаланувчига тарқалса, тармоқ эгасининг кузатувчилари шунча ошади.

- Фирибгарлик. Баъзи хабарларга ҳавола қўшилиб, одамларни сохта сайтларга олиб кириш ёки шахсий маълумотларини олишга уринилади.

Жума табригини ёки бошқа байрамлардаги табрикларни қабул қилишингиз мумкин, аммо уни 10 кишига юбориш шарт эмас. Агар юқоридаги хабарни 9 аёлга юборсангиз, 9 дақиқада бахтли воқеа содир бўлишига ҳеч қандай асос йўқ. Бундай хабарлар одамлар орасида асоссиз ишонч ва ирим-сиримлар тарқалишига ҳам олиб келиши мумкин.

Бундай ҳолатлар нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида учрайди. Қизиғи, бу ҳолат Телеграм пайдо бўлишидан анча олдин ҳам бўлган. Улар занжирли хатлар (Chain Letters) деб аталади. Бу қабул қилувчидан хатни кўчириб, яна бир нечта одамга юборишни талаб қиладиган (ёки илтимос қиладиган) хабарлар туридир. Бундай хатлар интернет пайдо бўлишидан анча олдин оддий қоғоз хатлар кўринишида мавжуд бўлган, ҳозирги кунда эса асосан электрон почта (Email), ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар (Telegram, WhatsApp) орқали тарқалади.

Тарихга назар ташласак, илк ҳужжатлаштирилган классик занжирли хат 1888 йилда Чикагода пайдо бўлган. У аниқ математик схемадан (N нусха яратиш) фойдаланилган хайрия мактуби эди. Айнан шу йили Чикаго тренинг мактаби қарзга ботганда, директор «саёҳат пули қутиси» деб номланган тизимни ишга туширади. Унинг ғоясига кўра, қабул қилувчидан хайрия учун 10 цент юбориш, хатнинг уч нусхасини яратиш ва бир хил илтимос билан уч нафар дўстига юбориш сўралган ва бу ўзини оқлаган.

АҚШ ва Европада ўтган асрдаёқ одамларга хат ва откриткалар орқали «5 кишига юборинг, 4 кундан кейин омад келади» мазмунидаги мурожаатлар тарқатилган.

Японияда мобил телефонлар оммалашгач, «5 ёки 7 кишига юбормасангиз, бахтсизлик юз беради» мазмунидаги СМС-хабарлар тарқалган.
Нима учун бу хабарлар одамларга таъсир қилади? Сабаби оддий: уларда одатда учта таъсирчан воситадан фойдаланилади. Умид — сизга бахт, омад, қувонч келади. Қўрқув — юбормасангиз, бахтсизликка учрайсиз. Меҳр — сиз азиз инсонсиз, бу дуони яқинларингизга ҳам улашинг.

Юқорида келтирилган хабардаги «Энг ёқимли курашувчи чиройли аёл...» жумласи ҳам айнан инсоннинг ҳиссиётларига таъсир қилиш орқали тарқатилади. Бундай қараганда хавфсиз кўринса-да, айримларининг ортида мақсад бўлади: маълумотларни тармоққа жойлаштириш ва улар орқали сизни сохта сайтларга йўналтириш. Баъзан хат таркибида ҳаволалар ҳам бўлиши мумкин, улар орқали қурилмага зарарли дастурлар юқиши хавфи бор.

Агар сизга шундай хат келса, энг тўғри йўл — уни ўчириб ташлаш ва ҳеч кимга юбормасликдир. Шунда занжир узилади ва сохта маълумотлар тарқалиши тўхтайди.

Келинг, бу хабарларга қанча вақт кетиши ҳақида ҳам мулоҳаза қилиб кўрайлик. Юқорида келган занжирли хабарларни ҳеч кимга юбормадим. Аммо уларни юборганимда қанча вақтим кетишини билишга қизиқдим. Бунинг учун сарфланадиган ўртача вақтни ҳисоблаб кўрдим.
Аввало, хабарни кўриб, ўқиб чиқишимга 30 сония кетди. Кейин эса уни кимларга юбориш ҳақида ўйладим. Тўққиз нафар одамни танлаш ва хабарни улашиш учун 10 дақиқа чамаси вақтим сарфланди.

Қизиқиб қолдим ва сунъий интеллект ёрдамида ушбу жараёнга сарфланадиган вақтни тахминан ҳисоблаб кўрдим. Занжирли хабарни ўқиш, уни юбориш ёки юбормаслик ҳақида ўйлаш учун ўртача 30 сония, хабарда айтилганидек, 9–10 кишига улашиш учун эса икки дақиқадан ортиқ вақт кетиши мумкин экан. Демак, битта хабар учун қарийб уч дақиқа сарфланади.

Агар битта занжирли хабарни тўққиз кишига улашиш учун уч дақиқадан вақт ажратсак, бир ҳафтада 21 дақиқа, бир йилда эса қарийб 18 соат вақтимизни сарфлаган бўламиз.  Хўш, бу вақтни қандай фойдали ишларга сарфлаш мумкин?  Масалан, кунига 3 дақиқа китоб ўқишга одатлансак, ҳафтада бир ҳикояни тугатамиз. Ҳар куни бештадан янги хорижий сўз ўргансак, бир йилда 1800 дан ортиқ сўз бойлигини ўзлаштирамиз. Бу эса хорижий тилни ўрганишда салмоқли қадамдир.

Муҳими, бу вақтни энг қадрли инсонларга бағишлашимиз ҳам мумкин. Бу вақтда фарзандларимиз билан дилдан суҳбатлашишимиз, уларнинг боғчада ёки мактабда кунлари қандай ўтгани, кимлар билан дўстлашаётгани, нималарга қизиқиши, қандай орзу-мақсадлари борлигини тингласак бўлади. Болани қалбидаги гапларни эшитиш учун соатлаб вақт кетмайди, баъзан шу 3 дақиқанинг ўзи етарли. Бугун унинг гапларини эшитишга вақт топмасак, эртага у биз билан гаплашишга вақт топмаслиги мумкин.

Яқинларимизга меҳр кўрсатиш, фарзандларимизга эътибор бериш, ўз устимизда ишлаш учун вақтим йўқ деб баҳона қилиш эмас,  балки мана шунақа беҳуда сарфлаётган машғулотларимиздан вақтимизни тежаш кифоя.

Насиба Жонтўраева.