Йил бошидан бери бензин нархи 63 фоизгача ўсди
Жорий йилнинг бошидан буён АИ-80 маркали бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 700,2 минг сўмдан 9 302,8 минг сўмгача, яъни 63,2% га ўсган. Бу ҳақда Республика товар хом-ашё биржаси АЖ хабар бермоқда.
Биржа савдоларига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг асосий қисми, яъни 84 фоизи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.
Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 005 минг сўмни ташкил қилди.
Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида АИ-80 маркали бензинининг бошланғич ва биржа нархлари ўртасида тафовут ўртача 1 фоиздан ошмади. Яъни, бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган.
Шу билан бирга, нархларнинг кўтарилиши жаҳон биржаларида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Brent маркали нефтнинг жаҳон бозорлардаги нархи жорий йилнинг бошига нисбатан ўртача 60-70 фоизга ўсган.
Биржа томонидан ўтказилган таҳлиллар натижаси ва бензин бозорида нархларни барқарорлаштириш бўйича таклифлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилаётгани айтилган.