Ёғоч бозорида онлайн назорат касса машиналари нечта? Тўлов терминаллари-чи?
Бу саволларга вилоят давлат солиқ бошқармаси ишчи гуруҳининг Самарқанд туманидаги “Гулобод ёғоч” МЧЖда ўтказган хатлов жараёнида аниқ жавоб топилди.
Гап шундаки, Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги "Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони, 2021 йил 4 октябрдаги “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги "Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорида савдо шохобчалари назорат касса машинаси ва тўлов терминаллари билан таъминланиши белгиланган.
Мажмуа ҳудудида 44 та савдо шохобчаси ва 114 та савдо растаси фаолият юритмоқда. Хатлов давомида мавжуд 158 та савдо шохобчасидан 138 таси фаолият кўрсатаётганлиги, 8 тасидан омбор сифатида фойдаланилаётганлиги, 12 та савдо шохобчаси фаолият кўрсатмаётганлиги маълум бўлди.
- Мазкур МЧЖ ҳудудидаги савдо шохобчалари ва савдо расталарида фаолият юритаётган 105 та хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектининг 65 таси айланмадан олинадиган солиқ, 28 таси қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ва 12 таси ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъекти ҳисобланади, - дейди бошқарма масъул ходими Д.Султонов. - “Гулобод ёғоч” МЧЖда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган назорат ва тушунтириш тадбирларидан сўнг бозор ҳудудида савдо дўконларида ишлаётган 60 нафардан ортиқ фуқаронинг ёлланма ходим сифатида рўйхатга олиниши таъминланди. Бозор ҳудудида 2 ҳолатда савдо нуқталари онлайн назорат касса машиналари ҳамда 4 та ҳолатда тўлов терминаллари билан жиҳозланмаганлиги, 1 ҳолатда онлайн назорат касса машиналари ойлик тўлов тўланмаганлиги сабабли ишламаётганлиги аниқланиб, бартараф этилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.