Йўл ўртасидаги қудуқлар: Уларни ким, қандай қуради, ким назорат қилади?

Самарқанд дунё нигоҳидаги шаҳарга айланиб бормоқда. Жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари инсон умри давомида бир маротаба бўлса ҳам бориб кўриши керак бўлган 50 та шаҳар ичида Самарқанднинг ҳам эътироф этилгани дунё тамаддунига бешик бўлган шаҳримиз учун берилган энг яхши таърифлардан бири бўлди.

Қадим кентни кўриш орзусидаги инсонлар кун сайин ортиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Аммо биз хорижий сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, туризмни ривожлантириш ҳақида гапираяпмиз-у, лекин баъзан улар учун зарур инфратузилмани ярата олмаяпмиз. Сайёҳ юртимизга эшитгани билан келади, кўргани билан эса хорижликлар фикрини шакллантиради.

Ичимлик суви, электр, табиий газ, интернетни қўйиб турайлик, йўлларнинг сифати ҳам меҳмонга қандай мезбон эканлигимизни кўрсатиб қўяди. Мисол учун, янги таъмирланган йўлдан кетаётганингизда йўлнинг ўртасида асфальтдан баланд ёки аксинча ҳолатда ўрнатилган қудуқ (колодец)ларга дуч келасиз. Гоҳида ўша қудуқларнинг қопқоғи ҳам бўлмаганидан шох, эски шина ва бошқа шунга ўхшаш жиҳозлар қўйилган бўлади. Бу бизнинг қанчалик "куюнчак", "тежамкор" ёки "эътиборли" эканлигимиз, соҳа мутахассислари ўз касбида қанчалик “уддабурон” эканлигини англатадими?

Бир нечта жонкуяр муштарийларимиз автомобиль йўлларидаги очиқ турган қудуқлар, ўзи аслида бундай қудуқларни қайси ташкилотлар ва қандай тартибда ўрнатиши, нега ишлар доим чала қолдирилиши бўйича мурожаатлар қилишди. Шу боис муштарийларимизнинг саволларига жавоб топиш ва бу борада мақола тайёрлаш мақсадида соҳа тааллуқли бўлган Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи (Ю.Бобоназаров), вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари (К.Юсупов) ва вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи (А.Ўроқов)га мурожаат қилдик. Билишимизча, автомобиль йўллари ўртасидаги қудуқларнинг айримлари “Телеком” ва “Ҳудудгаз” идораларига тегишли экан. Табиийки, бир идоранинг қудуғига бошқаси тегмайди.

Нима бўлганда ҳам расмий хат орқали қилинган мурожаатимизга икки ҳафтадан ортиқ вақт ўтса ҳамки, бирорта ташкилот жавоб бергани йўқ. Ваҳоланки, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига кўра, “Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан, электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади.

Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.
Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади”, дейилган.
Бу ташкилотлар эса икки ҳафта давомида расмий мурожаатга эътибор ҳам қаратишмаган кўринади. Ёки улар масъулиятни бўйинга олишни эп кўришмаяптими?

Ўктам Худойбердиев.