Йўл-транспорт ҳодисалари асосан соат 08:00 дан соат 16:00 гача содир бўляпти

Ўтган йили вилоят бўйича 1151 та йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) қайд этилган ва 2022 йилга нисбатан 3 тага камайган, уларда ҳалок бўлганлар сони 1 тага (330-329) камайган.

Бу ҳақда Матбуот уйида вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Таъкидланишича, содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 526 тасида пиёдалар, 93 тасида велосипедчи уриб юборилган. Шунингдек, 364 та тўқнашув, 58 та ағдарилиш қайд этилган. 63 ҳолатда ҳодиса иштирокчилари бирор тўсиққа, 35 таси турган транспортга бориб урилган.

Аксарият йўл-транспорт ҳодисалари - 578 таси соат 08:00 дан 16:00 гача содир бўлган. 385 таси эса соат 16:00-24:00 гача вақтда оралиғида қайд қилинган.

Ҳафта кунлари бўйича таҳлил қилинганда энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари шанба куни 179 таси содир бўлган.

Ҳодиса юзага келиш субъектив сабаблари орасида 172 таси белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 103 таси рул бошқарувида ухлаб қолиш билан боғлиқ. Пиёдалар ўтиш жойида пиёдага йўл бермаслик (95 та) ва пиёдаларнинг қоидабузарлиги ҳам йўл-транспорт ҳодисаларига асосий сабаблардан бўлмоқда.

Объектив сабабларга кўра, 202 таси йўл-транспорт ҳодисаси пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқ (панжара)лар ўрнатилмаганлиги сабабли содир бўлган. 93 таси эса йўлни иккига ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаганлиги ва 75 таси пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилмаганлиги оқибатида рўй берган.

Энг кўп йўл транспорт ҳодисаси (354 та) халқаро ва маҳаллий автомобиль йўлларида (346 та) юз берган. Аҳоли пунктларида 183 таЙТҲ қайд этилган.