Ёнимиздаги одамлар. Ҳам иқтисодчи, ҳам педагог

Таълим соҳасининг самарадорлиги унда шижоат билан меҳнат қилаётган педагог-олимларнинг фаолияти билан белгиланади. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти молия кафедраси доценти Раҳмат Мусаев ана шундай меҳнатсевар ва билимдон олимлардан бири. У институтда кўп йиллардан бери ёшларга таълим-тарбия бериб, республикамизда бухгалтерия ҳисоби, молия, банк соҳалари учун малакали мутахассислар тайёрлашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Раҳмат Мусаев 1940 йилда Келес шаҳрида дунёга келган. Ёшлигидан ўқиш-ўрганишга қизиқувчан Раҳмат ака ўрта мактабни кумуш медаль билан тугатгач, дастлаб Келес туман матлубот жамиятида ҳисобчи бўлиб ишлади. 1958-1964 йилларда Самарқанд кооператив институти (ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти)да таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини Келес туман матлубот жамияти уюшмасига қарашли Чордара матлубот жамиятида ҳисобчи вазифасидан бошлади.

Олий ўқув юртидаги ўқиши давомида Раҳмат Мусаев илмий-педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳам қизиқиб, илмий тўгарак ва анжуманларда фаол иштирок этиб келди. Натижада, у институтга ишга таклиф этилди. 1967-1968 йилларда «Центросоюз»нинг Москва кооператив институтининг педагогика факультетига ўқишга юборилди. Ўқишни тугатгандан сўнг Самарқанд кооператив инс­титутининг бухгалтерия ҳисоби кафедрасида ўқитувчилик фаолиятини давом эттирди. Р.Мусаевнинг илмий тадқиқотларга қизиқиши эътиборга олиниб, институт раҳбарияти уни 1971 йилда Украинанинг Львов кооператив институтига мақсадли аспирантурага юборди. Аспирантура якунида домла номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди, кейинчалик унга доцент унвони берилди.

Доцент Раҳмат Мусаев қатор йиллар давомида институтнинг бухгалтерия ҳисоби кафедрасида, 2003 йилдан эса молия кафедра­сида ўзининг илмий-педагогик фаолиятини давом эттириб келмоқда. Устоздаги ташкилотчилик, топширилган вазифаларга масъулият билан ёндашиш каби хислатлар эътиборга олиниб, бир вақтнинг ўзида институтнинг ўқув бўлимида талабалар амалиёти ишлари бўйича масъул, кейинчалик факультет декани муовини лавозимларига тайинланди.

Раҳмат Мусаев педагогик фаолият билан бирга илмий иш билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Савдо ва умумий овқатланишда назорат-тафтиш ишлари самарадорлигини ошириш, молиявий ресурслар, банк муносабатларини такомиллаштириш масалалари унинг илмий фаолияти йўналишларини белгилайди. Домла ушбу муаммолар бўйича 200 дан ортиқ илмий мақола, илмий-услубий тавсиялар, ўқув адабиётларини тайёрлаш ва чоп эттиришга муваффақ бўлди. Ҳозирги кунда ҳам у киши респуб­лика ва халқаро илмий-амалий конференцияларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Устоз Раҳмат Мусаев ўта камтарин, ишга масъулият билан ёндашади, ёш педагогларга эътиборли, талабаларга ғамхўр ва меҳрибон. Институт жамоасининг барча тадбирларида фаол. Домланинг илмий-педагогик фаолияти давомида эришган натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, собиқ «Ўзбекбирлашув» бошқаруви ва институт ректорати томонидан муносиб тақдирланиб келинган.

Устоз турмуш ўртоғи Доно опа билан оқил фарзандларни вояга етказди. Уларнинг орасида тиббиёт ходимлари, педагоглар, иқтисодчи-тадбиркорлар бор.

Ўз меҳнати орқали ҳурмат ва эъзоз топган Раҳмат Мусаев табаррук 80 ёшни қарши олмоқда. Биз, ҳамкасблари ва шогирдлари домлага сиҳат-саломатлик, тинч-омонлик, умрлари узоқ бўлишини тилаймиз.

Жаҳонгир ЗАЙНАЛОВ,

Ҳасан МУСАЕВ, профессорлар.

Баҳодир ҲУСАНОВ, доцент.