Ёрдам қоғозда эмас, инсон ҳаётида: ижтимоий ҳимоя қандай ишлаяпти?
Кейинги тўққиз йилда кредит, субсидия, компенсация каби юздан зиёд ижтимоий ёрдам хизмати яратилди ва улар бевосита маҳалла даражасига – “еттилик”нинг ўзига берилди. Бу ёндашув ижтимоий ҳимояни ҳар бир оилага, ҳар бир эҳтиёжманд кишига етказиш имконини берди.
Камбағалликни қисқартириш: тарихий натижалар
Ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги бугун аниқ рақамлар орқали яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимизда камбағаллик даражаси 2025 йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди, яъни деярли ярмига қисқарди. Бу биргина йил давомида 1,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳоли муносиб ҳаёт даражасига кўтарилганини англатади.
Умуман олганда, тўққиз йил ичида 8,5 миллиондан ортиқ фуқаро камбағаллик чегарасидан юқори ҳаёт сифатига эришди. Айниқса, 2025 йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудуд мақомини олгани бу борадаги тизимли ишларнинг амалий натижасидир. Бу рақамлар ортида реал инсонлар тақдири, ўзгараётган оилавий ҳаёт, болаларнинг сифатли таълим олиш имконияти ва кексаларнинг муносиб яшаш шароити мужассам.
Маълумки, уч йил аввал 2026 йил якунига қадар камбағалликни икки баравар қисқартириш вазифаси белгиланган эди. Ижтимоий ҳимоя тизимининг самарали ва манзилли ишлаши натижасида эса ушбу муҳим маррага 2025 йилнинг ўзидаёқ эришилди.
Ижтимоий реестр: мақсадли ёрдам асоси
Ижтимоий ҳимоя ягона реестри доирасида 1,8 миллион оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати пухта ўрганилди ва баҳоланди. Уларнинг 739 мингтаси – кам таъминланган ва камбағаллик чегарасидаги оилалар реестрга киритилди ҳамда уларга нафақа ва турли моддий ёрдамлар тайинланди.
2026 йил 1 февралдан бошлаб янги “Ижтимоий реестр” жорий этилмоқда. Бу тизим “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва “Камбағал оилалар реестри” асосида яратилади. Янги тизимда оилалар ижтимоий-иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб уч тоифага ажратилади: давлат таъминотидаги оилалар, камбағал оилалар, камбағаллик чегарасидаги оила. Бундай ёндашув ҳар бир оилага унинг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб мақсадли ёрдам кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя ресурсларини самарали тақсимлаш ва адолатни таъминлаш имконини беради.
Болалар ва оилалар – ижтимоий ҳимоянинг устуворлиги
Камбағаллик, биринчи навбатда, болаларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатади. Айнан шунинг учун давлат камбағал оилалардаги болаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2025 йилда камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу болалар эрта ёшданоқ сифатли таълим олиш, жамиятга мослашиш ва тўлақонли ривожланиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
2025 йилдан бошлаб 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди. Бу эса ногиронлиги бўлган болаларнинг жамиятга тўлақонли интеграциялашувига, улар билан соғлом болаларнинг биргаликда ўсиб-улғайишига шароит яратмоқда. Инклюзив таълим – бу нафақат имконияти чекланган болалар учун, балки барча болалар учун фойдалидир, чунки у меҳр-шафқат, ўзаро ёрдам, инсонпарварлик туйғуларини тарбиялайди.
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди. Унинг асосий мақсади – болалар учун хавфсиз ва зўравонликдан мутлақо холи муҳит яратиш, хавф остида бўлган болаларни эрта аниқлаш ҳамда зўравонлик қурбони ёки гувоҳи бўлган болаларга ҳар томонлама профессионал ёрдам кўрсатишдан иборат.
Стратегияда бир қатор амалий чора-тадбирлар назарда тутилган: болалар билан ишлаш бўйича кичик форматдаги “очиқ” марказлар ташкил этиш, ҳар бир бола учун индивидуал ривожланиш режалари ишлаб чиқиш, болаларнинг таълим олиш ва ижтимоий интеграциялашувини таъминлаш механизмлари яратиш. Шунингдек, болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, болалар билан ишлайдиган психолог, педагог, ижтимоий ходимларни махсус тайёрлаш ҳамда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ягона электрон платформа шакллантириш режалаштирилган.
Ижтимоий хизматлар марказлари
2026-2027 йилларда мамлакатимиз ҳудудларида 20 та ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилади. Ушбу марказлар орқали ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар, шунингдек, ёлғиз қариялар профессионал ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.
Хизмат кўрсатишнинг кундузги шаклларини ривожлантириш ҳисобига аҳолини ижтимоий муассасаларга доимий жойлаштиришни қисқартириш, уларга оилада қолган ҳолда керакли ёрдамни кўрсатиш имконияти яратилади. Бу ёндашув инсонларга ўз уйида, ўз муҳитида қолиш имконини беради, бу эса уларнинг руҳий ва жисмоний саломатлиги учун жуда муҳимдир. Хизматларни олиш жараёнлари рақамлаштирилади, электрон йўналишлар жорий этилади ва кўрсатилаётган ёрдам сифатининг доимий мониторинги та‘минланади. Бу шаффофликни оширади ва ижтимоий хизматлар сифатини яхшилайди.
Рақамлаштириш: ижтимоий ҳимояда янги босқич
Замонавий ижтимоий ҳимоя тизими рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади ва ижтимоий ҳимоя хизматлари ҳам бу платформага тўлиқ интеграция қилинади.
Янгиланган платформага барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизмати, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифа интеграция қилинади. Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект технологиялари орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, давлат ижтимоий хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизими жорий этилади. Бу фуқаро бир хизмат учун мурожаат қилса, унга боғлиқ бошқа хизматлар ҳам автоматик равишда таклиф этилади ёки тақдим этилади дегани. Масалан, янги уй қурган фуқаро кадастр ҳужжатини олиш учун мурожаат қилса, янги платформа сув, электр ва газга уланиш масаласини ҳам шу заҳоти ҳал қилиб беради. Бундай ёндашув инсон омилини камайтиради, коррупция хавфини бартараф этади ва фуқароларга вақт тежашга ёрдам беради. 2026 йилда бундай проактив хизматлар 100 тага етказилади.
Сўнгги тўққиз йилда эришилган ютуқлар – 8,5 миллион кишини камбағалликдан чиқариш, ягона рақамли тизимни жорий этиш, маҳалла даражасида комплекс ижтимоий ёрдамни йўлга қўйиш – бу йўналишда амалга оширилган ислоҳотларнинг юқори самарадорлигидан далолат беради.
2025 йилда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар – ижтимоий дафтарлар тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги Президент Фармони, янги ижтимоий суғурта тизими тўғрисидаги қонун, жиноят жабрланувчиларини ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги қарор – ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам қонуний асос яратди.
Ижтимоий ҳимоя тизимининг келгусидаги ривожланиши давлат, жамият ва фуқаролик институтлари ҳамкорлиги асосида амалга оширилади. Мақсад аниқ: ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ижтимоий ҳимоя тизимидан самарали фойдалана олиши, ҳеч ким эътиборсиз қолмаслиги, ҳамма зарурат туғилганда давлат қўллаб-қувватлашига ишонч билан таяниши керак.
Жавоҳир Тилаганбоев,
Тошкент давлат юридик универитети ўқитувчиси.