Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий мероси халқаро миқёсда муҳокама этилди

Бугун Самарқанд давлат университетида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросининг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва аҳамияти”  мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Анжуманда маҳаллий олимлар ҳамда Миср, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг профессор-олимлари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий мероси ҳақида фикрлар билдирди.

Тадбирда қатнашчилар ҳавола этган илмий тадқиқотлар асосида Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросининг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида илмий-назарий хулосалар жамланди. Жумладан, “Бобурнома” нашрлари, Бобурнинг янги топилган “Тақтиъ” рисоласи , Бобуршоҳ ва бобурийлар даврини акс эттирган турк адибларининг тазкиралари, унинг географик мероси хусусида қатор илмий-назарий мақолалар илм-фанга тақдим этилди.

Анжуман ялпи мажлисдан сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳонда тутган ўрни, ижоди, этнография, давлатчилик ва ҳуқуқ масалаларига доир қарашлари етти шўбада давом этди. Илмий-амалий анжуманда саксонга яқин олимлар ўзларининг илмий мақолалари билан иштирок этди.

Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий меросини янада кенг ўрганиш ҳақида таклифлар берилди.