Замона алломаси академик Воҳид Абдуллани йўқлаб
Воҳид Абдулланинг қўлида таҳсил олганман. Шунинг учун ҳам бу инсоннинг салоҳияти, заковати, бағрикенглиги олдида доимо таъзим қиламан.
Домланинг сабоқларига (агар эшитиб қолишса) бошқа вилоятлардан ҳам муштарийлар келганини ва бошқа вилоятдаги ўқув юртида маъруза ўқиганида ўша ҳудудда адабиёт байрам бўлганлигига ўзим гувоҳ бўлганман. Фақат биз бугунга келибгина Воҳид Абдулланинг Самарқанд адабий муҳитида шаклланган аллома сифатида эътироф этяпмиз.
Аслида ўз даврида ҳам Воҳид ака адабиётшуносликдаги, хусусан, мумтоз адабиёт тарихи борасидаги тадқиқотлари, хулосалари, қарашлари билан нафақат Ўзбекистон, балки туркий адабиёт оламида ҳам ўз ўрнига эга эди. Айниқса, араб имлосини, тилини мукаммал билиши бу инсонга тарихимизга оид ноёб асарлар таҳлилига имкон яратди. Шу сабабли, “ўзбек адабиёти тарихи” дарслигининг яратувчиларидан биригина эмас, балки унинг яловбардори бўлиб шаклланди.
Домла дарс ўтганда ҳайрат ичида қолардик. Қўҳна адабиётни, қўҳна ғазалиётни қалбимизга шу қадарлик мулойим жойлар эдики, агар ҳар дарсга ўнтадан ғазални ёд олмасдан келсак, ўзимизни айбдор ҳисоблардик. Устоз хорижда бўлган илмий анжуманлардан қайтгач, таассуротларини албатта биз билан баҳам кўрарди. Бугун ижод соҳасида фаолият кўрсатаётган адабиётшуносларнинг аксарияти ўзини Воҳид Абдулланинг шогирди деб ҳисоблаши бежиз эмас. Олимнинг асарлари ҳозирги кунда ҳам шу соҳа мутахассислари учун асосий дастурамалдир.
Воҳид ака маърифатли оиланинг фарзанди бўлган. Фақат интилиши, иштиёқи, иқтидори туфайли ўз даврида маърифатчилар сулоласини ҳам шакллантирган инсон. Ўша давр зиёлилари Воҳид акани шоир Ғофур Ғуломга ўхшатишарди: қайси даврага бормасин, ўша ерда жўшқинлик, фаросат ва заковат пайдо бўлади. Устоз ҳар битта инсон билан самимий мулоқотга киришишдан эринмасди. Хушфеълли, маърифатли одамларга китоблар ҳадя қилар, ёки чўнтагидан конфет чиқариб бериб “Баракалла, тулпор!” деб қўярди.
Бугун домланинг амалу мансабларини санаб ўтирмаймиз. Уни кўпчилик билади. Фақат шуни таъкидлаш лозимки, СамДУга ректор бўлган чоғида дорилфунун нуфузини кўтариш, Самарқанд шаънини улуғлаш, ўз атрофидаги зиёлилар қадрини жойга қўйишда ҳаммага ибрат бўла олди. Чунки ҳалол, хокисор, халққа фидойи, илмга садоқатли инсонлар ана шундай бўлади.
Воҳид Абдулла 1985 йил 29 июлда вафот этган эди. Аммо ҳозирда ҳам қайси маърифий даврага борманг, албатта бу улуғ инсоннинг номи ҳурмат билан эсланади. Кутубхоналардаги минглаб тадқиқотлари, хулосалари, дарсликлари бугунги кунда ҳам адабиёт илми ходимларининг ассосий қўлланмаси бўлиб хизмат қилаётир.
Фармон ТОШЕВ.