“Замонавий қуллик” қурбонига айланиб қолманг

Бу ҳақда Тойлоқ туманидаги “Бир марталик иш билан таъминлаш маркази”да аёллар ўртасида зўравонлик, экстеримизм ва чет элда алданиб қолишнинг олдини олишга қарши ўтказилган тадбирда айтилди.

 USAID халқаро ташкилотининг DAI CASSS молиявий кўмаги асосида амалга оширилаётган “Зўравонлик таҳдид остидаги экстремизмни олдини олиш: мулоқот – диалог фасилитацияси» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари иштирокчиларга мавзу юзасидан тушунча берди.

Таъкидланишича, бугунги кунда дунё бўйича 40 миллиондан кўпроқ киши замонавий қуллик қурбонлари ҳисобланади. Бундан 71 фоизини аёллар ва қизлар ташкил қилади. Бугунги кунда қуллик келиб чиқиши бўйича хўрлаш, зўравонлик, болалар ва уй меҳнати, мажбурий никоҳлаш, қарздорлик, одам савдоси каби кўринишларда намоён бўлмоқда.

Тадбирда бу маълумотлар билан бирга мавзуга оид видеолавҳа ҳам намойиш этилди. Бундай ҳолатларга тушиб қолмаслик учун қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида фикр алмашилди.