Зарафшон воҳаси ерости захирасига бой, Менделеев даврий жадвалидаги кимёвий элементларнинг аксарияти шу заминда учрайди

Жорий йилнинг 27-28 ноябрь кунлари Навоий давлат кончилик институтида “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусида II халқаро илмий-техник анжуман бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг таклифи ва ташаббуси билан Навоий давлат кончилик институтида фан ва таълимнинг интеграциясини ривожлантириш мақсадида 2017 йилда ташкил этилган дастлабки конференцияда АҚШ, Германия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Англия, Франция, Италия, Австрия каби рифожланган мамлакатлардан таниқли олимлар, етакчи компания ва ишлаб чиқариш корхоналари мутасаддилари ва мутахассислари иштирок этган эди.
Навоий кон-металлургия комбинати ва Навоий давлат кончилик институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Фанлар академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги илмий-техник анжуманда Германия, Буюк Британия, Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистон каби 10 дан ортиқ мамлакатлар етакчи университетларининг 30 нафарга яқин олимлари ва хорижий компанияларнинг вакиллари иштирок этди.
– Қизилқум минтақаси, айнан Зарафшон воҳасида мамлакатимиз ерости захирасига бой, Меделеев даврий жадвалидаги кимёвий элементларнинг аксарияти шу заминда учраши билан муҳим аҳамият касб этади, – дейди Навоий давлат кончилик институтининг илмий ишлар ва инновация бўйича проректори Тўлқин Нурмуродов. – Шу боис воҳада саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмаларни кенг қўллаш, минтақа муаммоларини ҳал этишда фан, ишлаб чиқариш ва таълим интеграциясини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Илмий-техникавий характерга эга анжуманда минтақамиз иқтисодий-ижтимоий тармоқларига, айниқса, саноатга инновацион технологияларни кенг жалб этиш мақсадида нуфузли олимларнинг илмий изланишлари саралаб олинди ва уларнинг амалиётга самарали татбиқ этилиши кўриб чиқилди.
Анжуман ялпи мажлисида Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, профессор Қувондиқ Санақулов, Лидс университети (Буюк Британия) профессори Стиван Шрёдер, Беларусь давлат техника университети проректори, профессор Олег Дормешкин, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Нодирбек Юсупбековнинг маърузалари тингланди.
Анжуманда геология, геотехнология ва минерал хомашёни қайта ишлаш, кимё технологияси ва нанотехнологиялар, машиносозлик, асбобсозлик ва автоматлаштириш, энергетика, муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳалари бўйича тўртта секцияга бўлиниб, 200 га яқин илмий маърузалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари Навоий кон-металлургия комбинатининг Навоий машинасозлик заводида ҳамда институтнинг замонавий лаборатория жиҳозлари билан тахминланган “Технопарки”га саёҳат уюштиришди.
Навоий давлат кончилик институти ахборот хизмати.