Зиёли одам маҳалласига маънавий ҳомий бўла оляптими?

Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг жорий йил 19 январдаги мажлиси Президентимиз раҳбарлигида видеоселектор тарзида ўтказилганди. Унда берилган топшириқлар ижросини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича республика ишчи гуруҳи 24-25 февраль кунлари вилоятимизда бўлди.
Ишчи гуруҳ вакиллари, аввало, жойларда бошланган ишлар билан танишди.
Албатта, маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратиш бўйича вилоят “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Унда соҳанинг барча йўналишлари қамраб олиниб, амалга ошириш муддатлари аниқ белгиланган.
Хусусан, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” шиори остида ҳар бир маҳаллага олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари бириктирилган.
Маънавият ва маданият соҳаси ходимлари, шоир ва ёзувчилар, нуронийлар ва ўз соҳасида юксак натижаларга эришган жамоатчилик вакиллари иштирокида жойларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда.
Раҳбар вазифасини унутмасин
Маънавият масаласи ҳар қандай ривожланишнинг омили экани англанган ҳолда у билан биринчи галда меҳнат жамоасининг раҳбари шуғулланиши лозим. Аввало, раҳбарнинг ўзи, давлат сиёсатининг туб моҳиятини тушунган ҳолда уни қўл остидагиларга тарғиб этадиган шахс ҳисобланади. Шунинг учун жамоа иштирокида ҳар ҳафта ўтказиладиган сиёсий-маърифат соатини унинг ўзи ўтказиши мақсадга мувофиқ.
Афсуски, ишчи гуруҳи томонидан ташкилотларда маънавият масаласида масъул шахс кимлиги сўралганда, раҳбарларнинг айримлари бу борада ходимлардан бирини масъул қилиб тайинланганини айтишди. Шунинг ўзи айрим раҳбарлар маънавият соҳасига ҳамон етарли эътибор бермаётганлигини билдиради.
Нуронийлар ибрат бўлиши зарур
Ёшлар тарбиясида оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилса, кўп муаммо бартараф этилиши тажрибада исботланган. Айрим носоғлом муҳит қарор топган оиланинг эътибордан четда қолгани маҳалла-кўйни ҳам ёмонотлиққа чиқариб қўйган ҳолатлар мавжуд.
Бундай ҳолатлар ўрганилганда маҳаллада ҳам, таълим муассасасида ҳам тегишли ишлар қилингани кузатилади. Яъни, мутасаддилар маънавий-маърифий ишлар олиб борилгани ҳақида кўзни қувонтирадиган рақамларни кўрсатишади. Амалда эса тадбирлар хўжакўрсинга ўтказилган бўлиб чиқади.
Шу боис, вилоятда мавжуд 1100 та маҳалланинг ҳар биридан маълум муаммоси бўлган 5 нафардан ёш ўзи яшаётган маҳалла нуронийсига бириктирилди. Президентимизнинг бу ташаббуси бир томондан нуронийларимизга ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш, ўз тажрибаларини фойдали ишларга йўналтириш ва одамлар учун керакли эканликларини ҳис этиш имконини беради. Қолаверса, ёшлар урф-одатларимизни эъзозлаш, қадр-қимматимизни асраб-авайлашни ўрганишади.
Бироқ Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан нуронийларни ёшларга бириктириш рўйхатидан ихтиёрий маҳалла танланиб, нуронийдан ўзига бириктирилган ёшлар ҳақида сўралганда, улардан баъзилари бу саволга жавоб беролмади. Бу нимадан далолат? Демак, айрим маҳалла масъуллари ҳамон ўз вазифаларига етарли даражада масъулият билан ёндошмаяпти.
“Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий”
Ушбу тамойил асосида бириктирилган профессор-ўқитувчиларнинг айримлари жойларда қандай иш ташкил қилиш, ёшларга қандай кўмак бериш, маҳалла нуфузини кўтаришда қай даражада фаол бўлишлари ҳақида етарли тушунчага эга эмасликлари маълум бўлди.
Президентимиз 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш таклифини берди. Давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси - лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида қабул қилинди.
Ёшлар тақдирига, уларнинг маърифатли бўлишига эътиборли бўлишга дунё ҳамжамияти чорланаётгани бежиз эмас. Негаки, барча давлатлар учун етакчи куч ҳисобланувчи ўсиб келаётган авлод қандай тарбия топса давлат келажаги шундай бўлади.
Шу маънода юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини оширишда ўрта ва катта авлод вакиллари намуна бўлишлари кун тартибига олиб чиқилган. Эртанги кунимиз эгаларининг маънавиятини ўстиришда лоқайдлик, ҳурматсизлик, бефарқлик, дангасалик, қатъиятсизлик каби иллатларни йўқотиш вақти келди.
Фарҳод Назаров,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.