Зоти бобаракот
Самарқанд давлат университети профессори Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг Шайх Қутбиддинхон ибн Муҳиддинхон Ургутийга бағишланган шу номли китоби нашр этилди.
Домла ушбу китоб устида узоқ ишлаганидан хабардормиз. Кўп маълумотлар тўплаб, уларни солиштирди, баҳс-мунозарали масалалар юзасидан адабиётшунос, тилшунос ва тарихчи олимлар билан фикрлашди, маслаҳатлашди. Ота-боболарининг ҳаёти, илмий-маънавий меросига оид ўзида мавжуд маълумотлар билан бирга республикамиз ва хориждаги архивлар, кутубхоналар ва кишилар қўлида бўлган манбаларни эринмай излади, тўплади.
Ана шу саъй-ҳаракатлар маҳсули сифатида яратилган китобда ўтган аср бошларида яшаб, «зулмат ичра нур» бўлиб турган улуғ олим ва маънавий раҳнамо – Шайх Қутбиддинхон ибн Муҳиддинхон Ургутийнинг ибратли, аммо машаққатли ҳаёти, юксак инсоний фазилатлари, илмий ва бадиий ижоди ҳақида ҳикоя қилинади. Шу билан бирга китобда Қутбиддинхон Ургутийнинг бобоси Эшони Валихон Ургутий ва отаси Эшони Муҳиддинхон Ургутий, уларнинг нақшбандийлик тариқатини тарғиб этиш борасидаги ҳаракатлари тўғрисида ҳам маълумотлар келтирилади.
Китобда олимнинг Мирзо Муҳаммад Меҳдихоннинг «Санглох» асари ҳақидаги тадқиқоти, назмий ижодидан намуналар баён этилган.
Шунингдек, етук олимлар, таниқли шоир ва ёзувчиларнинг Шайх Қутбиддинхон ҳақидаги мақола ва хотиралари китобхонда бу сулола ҳақида ёрқин тасаввур пайдо қилади. Бу ўринда айниқса, Ғайбулло ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Ботурхон Валихўжаев, Султонмурод Олим, Озод Шарафиддинов ва бошқа олимларнинг мақолаларини алоҳида қайд этиш лозим.
2001 йилда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Эшони Валихон Ургутий ва унинг набираси Қутбиддинхон Ургутий дафн этилган, бу зотлар номи билан боғлиқ қадамжо – Ургут туманидаги Чорчинор зиёратгоҳини обод этишга киришилди. Бу ишларга ўша пайтда Самарқанд вилояти ҳокими бўлган Ш.Мирзиёев, Ургут туманига раҳбарлик қилган Х.Нуруллаев бош бўлди.
Ана шу дамларда ҳам Муслиҳиддин Муҳиддинов таниқли олимлар, тарихчиларни жалб қилиб, нафақат ўз ота-боболари, балки ургутлик бошқа алломалар, эшонлар ҳаёти, илмий-маънавий меросини ўрганишга салмоқли ҳисса қўшди. Натижада туманнинг бир қатор ҳудудларидаги тарихий жойлар, зиёратгоҳлар, Чорчинор ва бу ердаги қадимий мадраса, масжид тарихига оид илмий-тадқиқотлар амалга оширилди. Чорчинор билан бирга бошқа масканлар ҳам обод қилинди.
Китобда ушбу жараёнлар ҳақидаги мақолалар, бу ишда иштирок этган олимларнинг фикрлари ҳам берилган...
Минг бор эшитгандан, бир бор кўрган афзал, деган гап бор. «Зоти бобаракот» ҳақида ҳам шу фикрни билдириб, яхшиси бу китобни ўқинг, яқин тарихдаги миллатимизнинг маърифатпарвар инсонлари маънавий меросидан баҳраманд бўлинг, дегимиз келди.
Ғ.Ҳасанов.