Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳисоботлар юзасидан эътирозлар билдирилди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўқсон еттинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарди.

Кун тартибига мувофиқ, дастлаб давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича вилоят 3-секторида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Собиржон Абдуҳамидовнинг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, жорий йилда 3-сектор ҳудудидаги жами 63 та объектда қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. Мазкур объектларнинг салмоқли қисми, яъни 42 таси мактаб. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ва бошқа йўналишлардаги объектлар мавжуд. Бугунги кунда объектлар бўйича лойиҳачилар аниқланиб, лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олинмоқда, айримларида қурилиш ташкилотлари ҳам аниқланган.

Муҳокама жараёнида белгиланган қурилиш-реконструкция ишларини амалга оширишда лойиҳачи ва қурилиш ташкилотлари масъулиятини ошириш, ишлар ўз вақтида бажарилиши юзасидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Худойқулов ушбу йўналишда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2023 йил баҳор мавсумида 10 миллион 364 минг туп (101,5 фоиз), куз мавсумида эса 7 миллион 323 минг туп кўчат экилган. Жорий йил баҳорги мавсумда вилоят ҳудудида 10,2 миллион туп манзарали, мевали ва бута кўчатлари экиш манзилли дастури тасдиқланган ва шу пайтгача 2,5 миллион туп кўчат ўтқазилган.

Ўтган йил ўрмонзор ва бутазорлар майдонини кенгайтириш, ерларни эрозиядан ва мелиорaция объектларини қум кўчишидан сақлаш, иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган ер майдонларини рекультивaция қилиш, биологик хилма-хиллик ишончли сақланишини таъминлаш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш йўналишларида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Аммо, депутатлар олиб борилаётган ишлар кутилган самарани бермаётганини қайд этиб, бошқарма ва унинг ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт кўчатларининг аниқ ҳисобини юритиш, уларни парваришлаш, сув ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун таъсирчан чораларни кучайтириш, чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш ва қайта ишлашнинг замонавий технологияларидан фойдаланиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 июлдаги “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи А.Ўроқовнинг ҳисоботи тингланди.

Депутатлар бошқарма бошлиғининг вилоятдаги автомобиль йўлларида ўрнатилган йўл белгилари ва чироқлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилгани, умумий узунлиги 35 километр йўлларда қурилиш ва реконструкция ишлари, 222 километрида эса жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, бу йил эса 298 километр умумий автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш белгилангани ҳақидаги маълумотларини эшитиш баробарида ушбу йўналишдаги ишлар бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этди.

Айниқса, "Самарқанд-Тошкент" автомагистралининг Булунғур ва Жомбой туманларидан ўтган қисми бугун яроқсиз ҳолатга келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлаётгани таъкидланди. А.Ўроқов эса қурилганига қирқ йилдан ошган бу йўлнинг асоси бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, уни ҳар йили таъмирлагандан кўра, реконструкция қилиш лозимлигини билдирди. Ва бу иш яқин икки йилда инвестиция дастури асосида бажаралиши мумкинлигини айтди. Аммо депутатлар бу ишни тезлаштириш учун Кенгаш томонидан республика автомобиль йўллари қўмитасига мурожаат қилишга қарор қилдилар.

Шунингдек, депутатлар бошқармага йўлланган сўровларга ҳам ўз вақтида жавоб берилмаётгани ва бир қатор йўлларнинг сифати юзасидан бошқарма бошлиғидан изоҳ сўрадилар.

Сессияда Ургут туманидаги Нисбот, Каттақўрғон туманидаги Жумабой, Қўшработдаги Чорлоқ, Иштихондаги Кўтарма, Оқдарёдаги Янгиқўрғон, Тойлоқдаги Жумабозор ва Пахтачи туманидаги Ҳунарманд маҳаллаларининг бош режалари ва унга туташ маҳаллаларнинг шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемалари тасдиқланди.

Шунингдек, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.