Самарқанддаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари
Бугунги кунда вилоятимизда 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Эътиборингизга уларнинг ҳар бири ҳақида қисқача маълумот тақдим этамиз.
Раҳмат Қобулов. 1926 йилнинг 2 майида Каттақўрғон тумани Боғот маҳалласида туғилган. 1943 йилда 1-Украина фронтига жўнатилган. 1945 йилда бўлим командири даражасига эришган. 1945-1950 йилларда Австриянинг Вена шаҳрида хизмат қилган. 1950 йилда Ўзбекистонга қайтиб келиб, 1985 йилгача жамоа хўжалигида ишлаган.
Умр йўлдоши Муяссар Рустамова билан 10 нафар фарзандни вояга етказган.
***
Райим Юсупов. 1925 йилнинг 10 майида Каттақўрғон тумани Тарнов маҳалласида туғилган. 1943 йилда ҳарбий тайёргарликдан ўтказилиб, 2-Украина фронтига юборилган. 1945-1949 йилларда Руминиянинг Факсан шаҳрида урушдан кейинги тинчликни таъминлаш хизматида иштирок этган. 1949 йилда Каттақўрғонга қайтиб келган.
Райим Юсупов турмуш ўртоғи Очилтош Пирбоева билан 7 нафар фарзандни вояга етказган.
***
Аҳад Очилов. 1925 йилнинг 10 мартида Самарқанд туманидаги Арабхона маҳалласида туғилган. 1942 йилда урушга кетган. 2-Украина фронтида Днепр дарёси, Молдавия, Карпат тоғи, Руминия, Венгрия, Чехославакия, Польша, Германиянинг Берлин шаҳридаги жангларда қатнашган.
1949 йилдан 2006 йилгача Самарқанд туманидаги 3-ўрта мактабда ўқитувчи, илмий бўлим мудири лавозимларида ишлаган.
Умр йўлдоши Зубайда Очилова билан уч ўғил, уч қизни камолга етказган.
***
Бўрон Гадоев. 1925 йилда Ургут тумани Испанза маҳалласида туғилган. Урушга 1943 йилда 18 ёшида юборилган. 7-Белоруссия фронтида хизмат қилган. 3 йил давомида 91-инженерлик қўшинида бўлим бошлиғи бўлган.
1946 йилда хизматдан қайтиб, ҳаётини педагогика соҳасига бағишлаган. 5 нафар фарзандни вояга етказган. Ҳозирда 21 нафар невара, 66 нафар эвара ва 3 нафар чеваранинг суюкли бобоси.
***
Михаил Колмогоров. 1925 йилнинг 20 ноябрида Россиянинг Новосибирск шаҳрида дунёга келган. Мактабни тугатиши билан, 1943 йилнинг ноябрь ойида 17 ёшида урушга сафарбар қилинган. 2-Украина фронтининг 8-механизациялашган корпуси 68-механизациялашган бригадасида алоқачи бўлиб ҳарбий хизматни бошлаган. Кейин 2-Белоруссия фронтида шу вазифада хизмат қилган. Урушдан кейинги йилларда Самарқандга кўчиб келган. Кейинчалик Самарқанд давлат университети ҳарбий кафедрасида ишлаган.
Икки қизнинг отаси, тўрт нафар набира, 2 нафар эвара ва 5 нафар чеваранинг бобоси.