Урушни хотирлашдан биргина наф бор – у ҳам бўлса, бундай хатога қайтиб йўл қўймаслик

Инсоният бошига кўп кулфатлар келтирган Иккинчи жаҳон урушининг қирғинбарот жангларида  мамлакатимиздан 1,5 миллион киши қатнашиб, 500 мингга яқини ҳалок бўлган, яна қанчаси бедарак кетиб, қанчаси ногирон бўлиб қайтган.

Бу урушда 152 мингдан кўпроқ самарқандликлар иштирок этиб, уларнинг 73 минг нафарига юртга қайтиш насиб этмади.

Бу мудҳиш уруш пайариқлик Маҳмадали Сиддиқовни ҳам тенгқурлари қатори ўз домига тортди. 1942 йил ҳарбий бўлинмага чақирилганда у 19 ёшда эди. Бир муддат ҳарбий тайёргарликдан сўнг уларнинг артиллерия бўлинмаси жангга ташланди. Братислава шаҳрида, урушнинг айни қирғинбарот даврида жангга кирди, босиб олинган ҳудудларни бирма-бир озод қилишда қатнашди. Маҳмадали Сиддиқов Берлингача бўлган жангларда иштирок этди.

- Бу бош не кунларни кўрмади, - дея ҳикоя қилади Маҳмадали бобо ўша мудҳиш кунларни эслаб. – Тинчлик – энг улуғ неъмат. Уруш эса ўз номи билан уруш. Кўз олдимизда унинг даҳшатли манзараси - окоп ичида ҳалок бўлган сафдошларимиз, ёниб, вайронага айланган шаҳарлар, бегуноҳ нобуд бўлган ёш болалар ўша кунлардан мудҳиш хотиралар бўлиб қолди.

Маҳмадали Сиддиқов 1945 йил юртга, оиласи, яқинлари бағрига қайтди. Урушдан сўнг тинч ҳаёт йўлига киргач, Самарқанд педагогика институтида таҳсил олди. Кейинги ҳаёт йўлини ёшларга таълим беришга бағишлади. Қирқ йилдан кўп вақт мактабда ёш авлодга таълим берди. Оила қуриб, тўрт фарзандни жамиятга нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбиялади.

Орадан кўп йиллар ўтса-да, Маҳмадали бобо урушнинг даҳшатли хотираларини ҳеч унутолмайди. Ўз хотираларини ўрнак учун ёшларга гапириб беради. Бир асрни бўйлаган нуроний отахон фақат оиласи ёки қишлоғи ҳаётидаги эмас, мамлакатимиз ва дунёдаги ишларни кузатиб боради. Бўлаётган воқеаларга муносабатини билдиради.

- Урушни хотирлашдан биргина наф бор – у ҳам бўлса бундай мудҳиш хатога қайтиб йўл қўймаслик, - дейди Маҳмадали бобо. - Афсуски, ёвузлик кўпинча эзгулик билан ёнма-ён юради. Бугун ер юзининг айрим минтақаларида бўлаётган қонли воқеалар бунга исбот. Ундай кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

С. Мардиев.

Ф.Рўзибоев (фото).