Тўрт эгизак онаси: “Газ йўқлиги учун чақалоқларимни онамникида, отасидан узоқда катта қиляпман”

Қайноққина қаҳва ичиб ўтиргандим. Тўсатдан нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Яқинда тўрт эгизак фарзанд кўрган она, Меҳрибон экан.

-Уйимизда газ йўқ, свет йўқ, жуда қийналиб кетдик. Ҳозир мажбурликдан онамникига бориб яшашга мажбур бўляпман. Турмуш ўртоғим уста. Бизга ёрдам беринг, демоқчимасман, аммо уйимизни иситиш масаласига оз бўлса-да, эътибор қилишса бўлмасмикан...

Қаҳвам қачон совиб қолганини сезмай қолдим. Уни ичишга ҳафсалам ҳам йўқолди.

Меҳрибон билан суҳбатлашарканман, унинг уйидаги аҳвол бироз оғирлигини сездим. Самарқанд тумани Хўжа Аҳрор Вали маҳалласида яшовчи мазкур оилада бирйўла тўрт эгизак фарзанд туғилганлиги ҳақида яқинда хабарлар тарқалганди.

Яхши биласиз, чақалоққа алоҳида парвариш, унинг хонасида мўътадил ҳаво ҳарорати бўлиши лозим. Тўрт эгизак туғилган катта хонадонда эса уч овсин, яъни уч оила истиқомат қилади. Ҳар бир оиланинг ёш болалари бор, яъни хоналар иситилиши керак. Хўжа Аҳрор Вали маҳалласида эса газ йўқ, электр таъминотида доимий узилишлар кузатилмоқда экан.

- Тўрт эгизак туғилганини эшитгач, жуда кўпчилик хабардор бўлди, ҳатто Сенат раиси Танзила Норбоева келиб, ҳолимдан хабар олдилар, бундан жуда миннатдорман, - дейди Меҳрибон Тоҳирова. – Нафақат Ўзбекистон, балки бошқа мамлакатлардан ҳам одамлар ижтимоий тармоқларда яхши сўзларни билдиряпти. Бунинг учун раҳмат! Поликлиникамиздан шифокор, ҳамширалар хабар олиб туришибди. Сенатимиз раиси Танзила Камоловна телефон рақамларини ҳам бергандилар, қандай муаммо бўлса, ўзимга чиқинг, деб. Лекин у кишига қўнғироқ қилиш ноқулай-да. Уйимизда газ муаммоси бартараф этилса бўлди, болаларимни Аллоҳ берган, ризқини ҳам беради, деб ўйлайман. Ўз уйимда, отасининг олдида катта қилсам, дегандим фарзандларимни.

32 ёшли Меҳрибон Тоҳированинг эндиликда тўрт ўғил, икки қизи бор. Биз сайтимиз орқали илгари бир неча марта уч эгизак туғилган оилаларга ёрдам кўрсатишнинг тизимли асоси йўлга қўйилиши керак, деган таклифни кўтариб чиққандик. Афсус, ҳанузгача бу масалага эътибор бўлгани йўқ. Дейлик, ҳозирда бола пули олиш учун ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда ҳам бир нафар болага пул тўланади. Тўрт нафар чақалоқни бирдан катта қилиш нечоғлик қийин эканини бугун уйида ёш боласи борлар жуда яхши билади. Уларни фақат озиқлантириш учунгина бир ҳафтада қанча саноат сути сотиб олиш керак? Ўн кунга ҳозирча 1 миллион сўм кетиши аниқ, бир ойда бу маблағ 3 миллионни ташкил қилади. Гўдак ой сайин улғаявериши билан бу миқдор каттараверади.  

Яхшики, халқимизда шундай кунлари бир-биридан хабар олиш, ёрдам қўлини чўзиш каби бебаҳо қадриятлар бор. Аммо қариндошлари бўлмаган оилалар бундай вазиятда қандай йўл тутади? Бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлаймиз.

Яқинда мамлакатимиз раҳбарининг “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорда 2022 йил 1 июлдан бошлаб маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига қўшимча вазифалар юклатилиши белгиланган.

Жумладан, ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳар бир оилани индивидуал ижтимоий ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш, аҳоли мурожаатлари асосида ва ижтимоий ҳимоя режасининг ижросини ўрганиш жараёнида ижтимоий хизматларнинг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини доимий назорат қилиб бориш керак. Бизнингча, “мазкур қарорда белгиланган ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳар бир оилани индивидуал ижтимоий ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш” дейилганда, уч, тўрт эгизак туғилган оилаларни ҳам назарда тутиш ҳамда уларга зарур ёрдам кўрсатиш вазифаларини белгилаш лозим.

Афсуски, ҳанузгача оилада уч ё тўрт нафар фарзанд туғилиши билан боғлиқ жараёнда аниқ ёрдам кўрсатиш механизми йўқ. Оммавий ахборот воситаларида яқинда Тошкент вилоятида туғилган тўрт эгизакли оилага уй топширилгани ҳақида ўқигандик. Ушбу уй тўрт эгизакнинг отаси фаолият олиб борадиган “Ўзметкомбинат” томонидан топширилган экан.

Бугун Самарқанд туманидаги ушбу оила ҳам жиддий кўмакка муҳтож. Уларга моддий ёрдам кўрсатилиши бўйича аниқ ишларни кутиб қоламиз.

Гулруҳ Мўминова.