Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

1100 га яқин фуқарога ҳарбий гувоҳномалар топширилди. Улардан 10 нафари эгизаклар

Бугун, 29 декабрь куни Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий шаҳрида жойлашган Сафарбарлик чақируви резерви батальонларида хизмат қилган қарийб 1100 та аскарларга ҳарбий гувоҳномалар топширилди. Улардан 10 нафари Хасан ва Ҳусан эгизаклар эди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Янги йил байрами арафасида ўтказилган Ватанга қасамёд тадбирини Марказий ҳарбий округ қўмондонининг биринчи ўринбосари, штаб бошлиғи, полковник Қаҳрамон Ачилов очди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Ҳарбий анъаналарга кўра, жанговар байроқ олиб ўтилди. Аскарлар минглаб ота-оналар ва яқинлари гувоҳлигида Ватанга қасамёд қилишди. Шундан сўнг қўл жанги машғулотларидан намуналар намойиш этишди.

Таъкидлаш керакки, Самарқанд шаҳридаги 526-СЧР батальонида 6 нафар, Жиззах ва Навоий шаҳридаги бир ойлик ҳарбий хизматда эса 4 нафар Хасан ва Ҳусан эгизаклар йигитлик бурчини ўташди.

– Бундан бир неча йиллар олдин, эгизаклар бир вақтнинг ўзида хизматга чақирилмас эди, – дейди взвод командири, майор Дилмурод Мамаюсупов. - Бугун эса улар бир гуруҳда хизмат қилишмоқда. – Бу ҳам хизматни ўташдаги яна бир қулайлик, десак хато бўлмайди. Сафарбарлик чақируви резерви хизмати олий даргоҳларда ўқиётган йигитлар учун ҳам айни муддао бўляпти.