Жадидчилик армияда ҳам ўрганилади
Марказий ҳарбий округда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда ватанпарварлик ойлиги доирасида “Янги Ўзбекистон армияси - мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзаалиев, кенгашнинг вилоят бўлими раҳбар ва аъзолари, ҳарбийлар иштирок этди.
Тадбир меҳмонларнинг Марказий ҳарбий округ қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда сержантлар ва ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар билан танишишидан бошланди. Ҳарбий хизматчилар учун 7/24 тартибида ишловчи кутубхона ва “Ўқ отиш маркази” иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, округнинг ўқув биносида ташкил этилган миллий тарихимиз, хусусан, Соҳибқурон Амир Темур ва жадидчилик ҳаракати намояндалари ҳаёти, ижоди ва сиёсий фаолиятига бағишланган кўргазмали заллар ёшларда ҳарбий ватанпарварлик, миллий ғурур туйғуларини уйғотиш, уларнинг шижоатини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
– Бугун тарихимиз, бой маънавий меросимизни ўрганишда XX аср бошларида жадид боболаримизнинг халқимизни илм-маърифатга чорлаб, юртимиз озодлиги учун курашиш борасидаги ҳаракатларини тадқиқ этиш муҳим аҳамиятига эга, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев. – Шу боис ҳарбий таълим муассасаларида, ҳарбий қисмларда жадидлар ҳаёти, фаолиятига бағишланган бурчаклар ташкил этилмоқда, уларнинг ғоя ва қарашлари ўрганилмоқда. Жадидлар ўз даврида ёшларимиз замонавий илмларни пухта эгаллаб, улуғ аждодларимизга муносиб ворислар бўлишини, юртимиз озодлиги учун курашишни орзу қилган, шу орзу-мақсад учун ҳаётини тиккан.
Марказий ҳарбий округ фаоллар залида ўтказилган учрашувда вилоятимиздаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган аскарлар, офицер ва сержантлар жам бўлди. Унда ҳарбий хизматнинг масъулияти, соҳада олиб борилаётган сиёсат, Ўзбекистон Республикаси армиясининг куч-қудрати ва салоҳияти хусусида сўз юритилди.
Асқар БАРОТОВ.