2022 йилда Самарқандда 1,2 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади
Бу йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида вилоятдаги 143 та объектда умумий қиймати салкам 1,2 трлн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Оқбўтаев журналистларга маълум қилди.
Маълум бўлишича бунда, 31 та объект (392,9 млрд сўм) аввалги йилдан ўтмоқда ва 112 таси (777,6 млрд сўм) янгидан бошланмоқда.
Таъкидланишича, йил давомида 96,6 миллиард сўмга 20 та болалар боғчаси қурилиши ва реконструксия қилиниши кўзда тутилган. Бунинг ҳисобига, 2,97 минг янги бола ўрни яратилади, мактабгача таълим қамрови 68,9 фоиздан 72,7 фоизга ошади.
Шунингдек, 41 та мактаб ва ихтисослашган мактаб-интернатлари қурилиши режалаштирилган бўлиб, 17,8 минг ўринли бинолар ва 9 та спорт зали фойдаланишга топширилади. Натижада, 17,8 мингта ўқув ўрни яратилиб, юқори сменали мактаблар сони 346 тадан 292 тага камаяди.
Жорий йилда тиббий ва тиббий-ижтимоий муассасалар қурилишига 77 млрд сўм (10 та бино), спорт муассасаларига 12 млрд сўм, маданият ва санъат объектлари қурилишга 39,6 млрд сўм, ичимлик суви таъминоти ва канализация тармоқлари учун 60,6 млрд сўм, автомобил йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичлар учун 146,9 млрд сўм сарфланиши кўзда тутилган.