21 декабрда 800 йилдан кейин биринчи марта юз берадиган ноёб астрономик ҳодиса кузатилади
Олимлар 2020 йил 21 декабрда қуёш ботгандан кейин Юпитер ва Сатурн сайёралари ўрта асрлар вақтидан буён биринчи марта тунги осмонда бир-бирига минимал масофага яқинлашишини айтмоқда. Бу ҳақда Phys.org нашри маълум қилди.
Икки газ гиганти ҳар 20 йилда бир-бирига яқин масофага келади. Аммо улар бир-бирига камдан-кам ҳолатда минимал масофага яқинлашади. Охирги марта бундай яқинлашув 1226 йил 4 мартида юз берган. 16-25 декабрь кунлари Юпитер ва Сатурн ўртасидаги масофа Ердан туриб кузатилганда тўлин Ойнинг бешдан бир қисмига тенг бўлади ва икки сайёра гўёки қўш сайёрадек кўринади.
Экватор аҳолиси бу ҳодисани кузатиш учун энг яхши имкониятга эга бўлади. Аммо уни об-ҳаво шароити имкон берса, дунёнинг исталган бурчагидан кузатиш мумкин. Сайёралар Қуёш ботгандан бир соат кейин осмоннинг ғарбида кўрина бошлайди. Кузатувчи қанчалик шимолроқда жойлашган бўлса, сайёралар уфқ ортига кетмасидан ушбу ҳодисани кузатиш учун шунчалик камроқ вақт бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сайёралар кейинги сафар 2080 йил 15 мартда, сўнгра 2400 йилдагина яна бир-бирига яқин келади.
СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.