Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда астроном олимлар юқори маош олаётгани ростми?

Илгари ёш болалар бирор юмушни уддасидан чиқса, катталар «олим бўлгин», деб дуо қилишган. Бу рағбат болаларга ҳам жуда ёқиб тушар, янаям кўпроқ яхши ишларни бажаргиси келарди. Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, ЎзФА Астрономия институти Назарий астрофизика бўлими мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Бобомурод Аҳмедов билан суҳбатимизни ўқиб, бугун ёш олимларга эътибор қандай бўлаётганига гувоҳ бўласиз.

— Суҳбатимизни ноодатий савол билан бошласак. Бугун сиз фан доктори сифатида қанча маош оляпсиз?

— Президентимиз олимларнинг маошлари сўнгги йилларда ўртача 4 ярим бараварга ошганини таъкидладилар. Нуфузли фаол олимларнинг маошлари эса 10 баробарга оширилиб бериляпти. Олимлар амалиёт ўтказиши учун техник ускуналар зарурми, лойиҳалар учун қанча маблағлар керак бўлса, ҳаммасига етарли даражада пул ажратиляпти.

Шахсан, менинг маошим 9 миллион 200 минг сўм. Фан доктори бўлганим учун қўшимча 60 фоиз устама берилади. Ушбу фоиз билан 15 миллион сўм бўляпти. Бундан ташқари, илмий раҳбарликдаги ҳар битта шогирдим учун 1 миллион 500 минг сўм ойлигимга қўшилади. Фундаментал проектларни бажарганим учун унга ҳам қўшимча 4-5 миллион сўм олишим мумкин. Олий таълим муассасасида дарс берсам, яна қўшимча тўланади. 25-30 миллион атрофида маош оляпман.

— Юртимиздаги ёш олимларнинг маошлари қанча?

— Ёш, тажрибали, хорижда шаклланиб келган профессионал, илм соҳасида етилган олимлар 40-50 миллион сўмгача маош олишяпти. Мисол учун, Бахтиёр Нарзуллаев исмли шогирдим 27 ёшида физика-математика фанлари доктори бўлди ва унга Президент қарори билан 30 ёшигача 36 ой мобайнида маошига қўшимча равишда 22 миллион 500 минг сўм бериляпти. Ўзининг маоши ҳам катта. Яна битта мисол – яқинда фан доктори бўлган шогирдим Жавлонбек Райимбоевга Ўзбекистон Миллий университети йил якунида 60 миллион сўм ва яна 4 нафар шогирдларимга эса 40-50 миллион сўм атрофида мукофот пули берилди.

— Охирги йилларда дунё бўйича 6 та Нобел мукофоти айнан астрономия соҳасига берилди. Ўзбек олимлари Нобель мукофотини олишлари учун қандай йўлдан бориш керак?

— XX асрдаги Эйнштейн, Шредингер, Дирак каби индивидуал олимлар бўлган. Улар кашфиёт қилишлари учун кўп маблағ керак бўлмаган. Қалам ва қоғоз билан илм қилаверган. Лекин XXI асрда фаннинг шакли тубдан ўзгариб, жамоавий фан шаклланди. Жамоавий фан — минглаб олимлар битта долзарб муаммо устида ишлайди дегани.

Мирзо Улуғбек XV асрда илк бор жамоавий илмий мактаб яратган. Жамоавий мактабда минглаб олимлар 1018 та юлдузнинг координаталарини аниқ белгилаб берган. Натижада улкан монументал «Зижи Кўрагоний» асари яратилган. «Зижи Кўрагоний» математик таҳлилларга асосланган машҳур илмий монографиядир. Улуғбек даврида жамоа кузатув ускуналари билан мукаммал иш олиб борган. Биз жамоавий фанни шакллантиришимиз учун Мирзо Улуғбек тутган йўлдан бориб, кучли моддий техник база билан ёш олимлар «олтин» авлодини шакллантиришимиз керак. Айнан ана ўша жамоавий фан асосида ишлайдиган «олтин» авлод орасидан Нобел мукофотини оладиган олимлар етишиб чиқади.

— Ўзингиз шахсан қайси йўналишда илмий изланишлар олиб боргансиз?

— Оғир юлдузлар эволюцияси натижасида икки турдаги муҳим объект пайдо бўлади. Биринчиси нейтрон юлдузи. Мана шу нейтрон юлдузни пайдо бўлишига қизиқиб, изланиш олиб бориб, докторлик диссертациясини ёқлаганман. Менинг нуқтаи назаримда, нейтрон юлдузи жуда қизиқ объект. Чунки бу юлдузларда ерда мавжуд бўлмаган экстремал физик ҳодисалар кузатилади.

— Юлдуз содда қилиб тушунтирганда нима ўзи?

— Юлдуз — гравитация билан боғланган ёрқин плазма шаридир. Ерга энг яқин юлдуз, бу – Қуёш бўлиб у ердаги мавжуд энергиянинг асосий манбаидир. Бошқа жуда узоқ юлдузлар атмосферада тўсилмаса, ер сиртидан қўзғалмас ёруғ нуқталар бўлиб кўринади.  Юлдузлар асосан гелий ва водород газларидан иборат бўлган астрономик объект.

— Бизнинг галактикамизда нечта юлдуз бор ва битта юлдузнинг яшаш даври қанча?

— Бизнинг Сомон йўли галактикамизда тахминан 200 миллиард юлдуз мавжуд ва уларнинг аксари қўшалоқ. Коинотда бунақа галактикадан 100 миллиарддан ортиқ галактика бор. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, соҳилдаги қумларнинг сонидан юлдузларнинг сони кўп, яъни одамзод учун чексиз.

Юлдузларнинг яшаш даври одамларникидек эмас. Уларнинг умрини масса белгилаб беради. Бизнинг юлдузимиз, яъни қуёшимизнинг массаси унчалик катта эмас ва у 10 миллиард йил яшайди. Ҳозирча 5 миллиард йил яшаган.

— Астрономияда буюк кашфиётлар асосан аёллар томонидан қилинган экан. Бунинг сабаби нимада?

— Физикада аксарият буюк кашфиётлар эркак олимлар томонидан қилинган. Астрономияда вазият бутунлай бошқача. Астрономия ўта кучли сабр-тоқатни талаб қиладиган фан. Хотин-қизлар майда ишларга жуда пухта бўлади. Шунинг учун астрономияда баъзи катта кашфиётлар аёллар томонидан қилинган. Галактикалар ичида номаълум, қоронғи модда аниқланган. Ана ўша қоронғи моддани 1970 йилларда америкалик Вера Рубин исмли аёл аниқлаган. Вера Рубин аслида ёш боласи борлиги учун ярим ставкада ишлаган. Ҳам боласига қараган, ҳам ишлаб, оламшумул кашфиёт қилган.

Астрономия соҳасида сўнгги Нобель мукофотини америкалик аёл Андрея Миа Гез олди. Сомон йўли галактикаси марказида жойлашган 4 миллион қуёш массасига тенг ўта оғир қора ўра мавжудлигини аниқлагани учун Андрея Гез Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Ажойиб нейтрон юлдузлари ҳам илк бор англиялик аёл олима Жоселин Белл томонидан 1967 йилда топилган. Демак, аёллар оламшумул кашфиётлар қилмаганида гуруҳимиздаги ёш олимларнинг докторлик диссертацияларига астрономик объектлар мавжуд бўлмас эди...

— Юртимизда олима аёллар бу соҳада қандай натижаларга эришяпти?

— Менинг аёл шогирдларим жуда кўп. Афсуски, уларнинг кўплари хорижлик олимлар билан чет эл университетларида фаол ишлаб келмоқда. Виктория Морозова менинг раҳбарлигимда 2010 йилда 23 ёшида фалсафа доктори илмий даражага эга бўлди ва Германияга хизмат сафарига бориб ўша ерда иқтидорли олим Давиде Радиче исмли йигитга турмушга чиқиб, ҳозирда Пенсилвания университетида ишламоқда. Валерия Каграманова ҳам Германияда диссертациясини ҳимоя қилди.

Мадина Бобоқамбарова боливиялик курсдоши билан оила қуриб, ўша ерда фаолият юритмоқда.  Яна битта шогирдим Малика Худойбердиева ҳозир Ўзбекистон Миллий университетда докторантурани тугатди. Диссертацияси деярли тайёр. Бир-икки ой ичида ёқлайди.

— Лабораторияларда имкониятлар қандай?

— Янги асрда рақамли тажриба биринчи ўринга чиқди. Мураккаб астрофизик жараёнларни моделлаштириш учун бизга суперкомпьютерлар керак. Бизларга Инновацион ривожланиш вазирлиги фундаментал грантлар ажратган. Мен раҳбарлик қилаётган лойиҳага 4 миллиард 300 миллион сўм пул маблағ ажратилди ва биринчи йили 420 миллион сўмга супер процессорлар, иккинчи йили 300 миллион сўмга супер процессорлар олдик. Бизларга ажратилган маблағнинг 50 фоизидан кўпини замонавий ҳисоблаш ускуналар олишга сарфлаяпмиз. Чунки ҳозирги кунда рақамли тажриба қиладиган супер компьютерлар бўлмаса, назарий физикада қиладиган иш қолмайди.

— Қайси шогирдларингиз яхши натижаларга эришяпти?

— Бобур Тошматов яқинда Чехияга бир ойлик хизмат сафарига учиб кетди. Ўзбекистонда гравитацион тўлқин астрономияси йўналиши Бобур Тошматов томонидан яратилди. У қора ўраларининг янги ечимларини олди ва атрофида майдонларни ғалаёнлантирди ҳамда 2022 йилда физика-математика фанлари доктори бўлди.

Асқар Абдукамолов исмли нукуслик йигитимиз ҳам Ўзбекистонда янги Рентген астрономияси йўналишини яратиб, 28 ёшида физика-математика доктори даражасига эришди.

27 ёшида фан доктори бўлган Бахтиёр Нарзуллаев эришган ютуқлар ҳақида суҳбатимиз аввалида айтиб ўтдим ва бундан ташқари, Арман Турсунов 29 ёшида, Аҳмаджон Абдужабборов 31 ёшида, Санжар Шайматов 37 ёшида ва Жавлонбек Райимбоев 38 ёшида физика-математика доктори даражасини олган.

— Бугун юртимиздаги астрономларнинг олдида ўрганиш зарур бўлган қандай муаммолар турибди?

— Мен Европага жуда кўплаб хизмат сафарларида бўламан. Айниқса, Германия, Чехия, Италияда кечаси осмонда юлдузлар деярли кўринмайди. Бизнинг юртимизда ёзда даштга чиқсангиз, юлдуз қўлингизга қўнадигандек яқин туради. Астроиқлим нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг имкониятлари жуда юқори. Агар институтимизга тегишли "Майданак" тоғ обсерваториясида оптик телескоплар базасини кучайтирсак, хусусан, улкан 4 метрлик адаптив телескопни ўрнатсак, келгусида халқаро ҳамкорликда режалаштирган илмий изланишларда фаол бўлиш имкониятларимиз кескин ошади.

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.