3 йилдан буён алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалди

Нарпай тумани маъмурий судининг очиқ суд мажлисида алимент тўлашдан бўйин товлаб келган отага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш мазмунан кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Ҳуқуқбузар В.Бўронов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2012 йил 12 августдаги суд буйруғига асосан турмуш ўртоғи З.Файзи­қулова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди С.Бўронованинг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва барча турдаги даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши лозим эди.

Бироқ В.Бўронов 2017 йил 1 апрелдан — 2020 йил 1 сентябрга қадар 26 мил­лион 978 минг сўм алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаган. Бу ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Нарпай тумани бўлими давлат ижрочиси томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Судда В.Бўронов айбига иқрор бўлди. Алимент пулини имкони бўлмаганлиги сабабли тўлай олмагани, оқибатда 26 миллион 978 минг сўм қарздорлик келиб чиққанини тан олди.

Ҳуқуқбузар В.Бўронов моддий ёрдамга муҳтож бўлган, вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган. Суд унинг ғайриқонуний ҳаракатлари суриштирув идораси томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси 1-қисми билан тўғри малакалаган, деб топди.

Ҳуқуқбузарга нисбатан суд 15 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлади.

Суд қарори билан ҳуқуқбузардан маъмурий қамоқда сақланган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида, жами 501 минг 750 сўм давлат фойдасига ундирилди.